Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларга Исломнинг икки улуғ байрами ҳақида шундай хабар берганлар: “Аллоҳ таоло исломгача бўлган даврда нишонлайдиган байрамлар ўрнига афзалроқ бўлган Рамазон ва Қурбон байрамини ҳадя қилди” (Абу Довуд ривояти). Шу кунларда барча дунё мусулмонлари ана шу улуғ байрамлардан бири – Қурбон ҳайитини катта шукуҳ билан нишонлашмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимизнинг барча халқларини Қурбон ҳайити билан чин дилдан қутлаймиз ҳамда Аллоҳ таолодан икки дунё саодатини ато этишини тилаймиз.

Мустақиллигимизнинг илк йилларидаёқ икки улуғ байрамимиз – Рамазон ва Қурбон ҳайитларини умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланишининг эълон этилгани ва ҳар йили муҳтарам Юртбошимизнинг махсус қарорлари билан байрам куни этиб белгиланаётгани туфайли ҳам бу тантаналар бизга янада ардоқли ва азиздир.

Маълумки, Қурбон байрами Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланади. Бу кунларда дунёдаги барча мусулмонлар қатори юртимиздан борган етти мингдан зиёд ҳожиларимиз ҳам зиммаларидаги фарзлардан бири – Ҳаж ибодатини бажармоқдалар. Мино, Арафот водийси, Муздалифа, Маккадаги Масжидул-Ҳаром каби муқаддас жойларда ҳаж амалларини мукаммал адо этиб, гуноҳлардан покланиш билан бирга, мустақил юртимиз ҳамда халқимизга Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, файзу баракот ва эзгуликлар, кенг ризқ ва фаровонлик тилаб дуо қилмоқдалар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклидир”,  дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Имом Суютий ўзининг «Вусул амоний би усул аттахоний» (Орзуларга табрик билан етиш) китобларида бундай ёзади: “Одамларнинг ҳаётларида ўрганиб қолган ҳайит, янги йил ва янги ой бошланиши билан қиладиган табриклари тўғрисида ва суннати шарифада бунинг асли ва далили борми?” деган саволлари кўпайди. Шу муносабат билан айтаманки, турли хурсандчиликлар муносабати билан одамлар бир-бирларини табриклашларида шаръан ҳеч бир монеълик йўқ. Балки бу Суннатга мувофиқ бўлиб, киши савобга эришади. Агар бир мусулмон  иккинчи бир мусулмон қалбига хурсандчилик киритишни қасд қилса, айни муддаодир. “Қайси амал афзал”, деб сўрашганда, Расул акрам (с.а.в.) бундай деганлар: “Мўмин қалбига хурсандчилик киритиш”, деб жавоб берганлар. Яна шу ҳам собитки, яхши ният бир одатни ибодат даражасига кўтаради”.

Бу муборак кунлар фазилатидан насиба олиш учун биз, мусулмонлар нималарга эътибор қилишимиз керак? Биринчидан, ортга боқиб, ўтган умримизни сарҳисоб этишимиз, гуноҳ ва хатоларимизга тавба-тазаррулар қилишимиз лозим. Гуноҳни англаш абадий саодатга эришишнинг бир шарти бўлса, тавба қилиб яхши амаллар қилишга ўтиш унинг кейинги шартидир. Иккинчидан, мустақиллик берган бундай дориломон замон, тинчлик-хотиржамлик ва фаровонликда ҳаёт кечириш, ибодатларимизни мукаммал адо этишда яратилган кенг шароитлар учун Парвардигоримизга доимо шукроналар айтишимиз лозим. Зеро, неъматга шукр қилиш унинг бардавомлиги ва баракотига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: яъни: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”.

Ҳайит кунларида Аллоҳ таолога севимли, энг яхши иш қодир бўлган кишиларнинг Аллоҳ йўлида қурбонлик сўйишларидир. Қурбонлик қилиш вожиб амаллардандир. Қурбонлик ҳудди закот билан бир даврда – ҳижратнинг иккинчи йилида Мадинада жорий бўлган. Қурбонлик сўйиш Қуръони карим, Суннат ва ижмоъ билан собитдир.

Қурбонлик ҳақида Қуръони каримда бундай дейилган: “(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир. Бас, уларга (сўйиш учун) саф тортган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз! Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (жонлари чиққанда) улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, тиланчига ва сўраёлмай турган муҳтожга ҳам едирингиз! Шукр қилишингиз учун Биз уларни (чорва молларини) сизларга буйсундириб қўйдик. Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 36-37 оят).

Зеро, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилишдир. Бу муборак кунлар кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни кучайтириш кунларидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларига мувофиқ байрам кунларида мўминлар ахлоқига мос ва хос бўлган ўзаро саломлашиш, дийдорлашиш, бир-бирларини ҳайит билан қутлаш, меҳрибонлик, саховат, оқибат кўрсатиш каби фазилатлар кўпроқ намоён бўлиши лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам ҳайит кунлари янада олийжаноб ва соховатли бўлиб кетар эканлар.

Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган улуғ вазифаларимиздан бири – инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнудлик кайфиятини улашишдир. Буни қандай амалга оширамиз? Ҳар бир инсонни, у танишми ёки бегона бўлсин ҳайит билан қутлайлик, уларни кўнглини олишга ҳаракат қилайлик. Намоздан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин устозларимизни, қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этайлик, ҳадялар улашайлик ва албатта, аҳли аёлларимиз, фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан сийлайлик. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!”. (Исро сураси 26 оят)

Шифохоналарда, хонадонларда бемор ётганларни йўқлаб, тезроқ соғайишларини тилаб дуолар қилиш ҳам фазилатли амаллардандир. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб бир-бирларига қучоқ очадилар. Атрофимиздаги муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзамиз. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам бундай деганлар: “Мўмин киши ўзи тўқ бўлатуриб, қўшнисини оч қўймайди” (Имом Аҳмад ривояти). Шу билан бирга етим-есирларнинг бошини силаб, кўнгилларини кўтариб, уларга совғалар берамиз. Зеро, Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи Аллоҳ таоло йўлида курашувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир”, – деганлар. Аразлашиб қолган яқинларимизнинг ораларини ислоҳ қилиб яраштириш каби ишлар биз, мусулмонлар бажариши зарур бўлган энг савобли ва хайрли ишлардандир. Бугун – улуғ байрам, Қурбон ҳайитидир. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун ҳам, уни азага, мотамга хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуойи хайрлар, Қуръон тиловати қилиш яхши амал ҳисобланади, лекин булар бу куннинг байрамона кайфиятига асло таъсир қилмаслиги лозим. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, муборак Қурбон ҳайити элу юртимизда тинчлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз тобора мустаҳкам қарор топаётган бир шароитда, кўтаринки руҳ билан кутиб олинмоқда.

Шундай экан, Аллоҳ таоло берган неъматларига доимо шукр айтишимиз лозим. Зеро, ҳадисга мувофиқ бу кунларга, кўрсатилаётган ғамхўрликларга миннатдор бўлиш Яратганга миннатдор бўлишнинг аломатидир.

Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan