ДолзарбМақолаларЎзбекистонЯНГИЛИКЛАР

Қурбон ҳайитини нишонлашга доир Уламолар кенгаши баёнотига муносабат

Шундай улуғ айём кунларига етказган Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва чексиз шукроналар айтамиз.
Ҳазрати Расулимиз саллоллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду салавотлар йўллаймиз.

Фазилатли кунларда Аллоҳдан халқимизга тинчлик-осойишталик,қут-барака ва катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллигидан Ўзи ҳимоя қилишини сўраб дуолар қиламиз.

Маълумки, бугунги синовли кунларда халқимиз бир тану, бир жон бўлиб, дунё халқлари бошига келган ушбу касалликка сабр-матонат, ҳамжиҳатлик билан курашмоқда.

Уламолар томонидан баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат кескинлиги сабабли Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилинди.

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики, муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Уламолар Кенгаши фатвоси ва Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги» қарорида қайд этилганидек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Ийдул адҳа намози адо қилинмаса ҳам Қурбон ҳайити кунлари савобли амаллар бисёр эканини маълум қиламиз. Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг 10-кунига тўғри келиши эътиборидан ушбу ой ва унинг биринчи ўн кунлиги фазилати жуда улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Фажр” сурасида: “Тонгга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам”, деб марҳамат қилган.

“Жуфтга қасам”даги “жуфт”дан мурод, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Имом Нисобурий айтадилар: “Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши, бу кунларнинг нечоғлик шарафли ва улуғ кунлар эканига далолат қилади ва унда дунёвий ва ухровиий манфаатлар борлигини кўрсатади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун қурбонликни тонг отгандан бошлаб қилиш жоиз бўлади. Юртдошларимиз ҳайит куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, қуёш чиққандан кейин 4 ракат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилсалар, янаям савобли бўлади. Қурбонлик қилиш ҳайитнинг 3-кунига қадар давом этади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:
“Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса,икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади.Тўрт ракат ўқиган афзал».
Шундай экан,Қурбон Ҳайит кунларида савоб ишларни кўпайтириш,такбири ташриқ айтиш,нафл ибодат қилиш,покланиш,чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.

Шуни таъкидлаш жоизки,касаллик қайси юртда кенг тарқалса,карантин талабларига амал қилиш вожиб.Бундай пайтда зарур чора- тадбирларни белгилаш соҳа мутахассислари ва шифокорларга боғлиқ бўлиб,улар томонидан чиқарилган қонун- қоидаларга барча аҳоли амал қилиши зарур.

Юқоридаги баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, карантин шароитида Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларга қатъий амал қилишингизни сўраймиз:

Қурбон ҳайити куни мўмин-мусулмонларга ўз хонадонларида қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.

Қурбон ҳайити куни имкони бор юртдошларимиз бомдод намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилишлари тавсия этилади. Қурбонлик гўштини учга тақсимлаб, бир қисми – яқин қариндошларга, бир қисми –камбағал муҳтожларга, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.

Қавму қариндош ва ёру дўстлар билан телефон орқали хабарлашиб,масофадан туриб муҳтожлар ҳолидан хабар олиб хурсанд қилишингиз ҳам фазилатли амалдир.

Одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака ва маросимларни ўтказмаслик ҳамда қабристонлар зиёратидан сақланишингизни сўраймиз.

Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этишни тавсия этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Ислом дини манбалари, Республика махсус комиссияси хулосалари ва тиббиёт мутахассислари тавсияларига таянган ҳолда 2020 йилги пандемия шароитида Қурбон ҳайити – Ийдул адҳо намозини ўқиш мўмин- мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлишини маълум қилади.

Шундай экан, барчангизни ўзингиз ва оилангиз хавсизлиги учун уйда қолишингизни сўраймиз.

Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин.

Сиз азиз юртдошларимиздан белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни сўраб қоламиз.

Соҳибжон АҲМЕДОВ,
Бағдод тумани бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close