Қурбонликнинг фойдалари

Ҳамма ибодат Аллоҳ учун бўлганидек, қурбонлик ибодати ҳам Аллоҳ учундир. Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақирлар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Қуйидаги оят шунга далолат қилади:

“Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсиндириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Дарҳақиқат, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларини ҳам, қонларини ҳам Аллоҳ таоло олмайди. У зот уларга муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир. Банда Аллоҳ таолони қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳ таолонинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Бериё қилинган ҳар бир амал, яъни холисан қилинган амал учун доимо хушхабар бор, бу ҳам бўлса жаннат, дийдор, роҳат!

Ҳазрати Али айтадилар: “Кимки қурбонликни сотиб олиш учун уйидан чиқса, ҳар бир босган қадамига ўнта яхшилик ёзилиб, ўнта ёмонлик ўчиб, даражаси ўн баробар кўтарилади. Агар сотиб олаётганда гапирса, гапи тасбеҳ бўлади ва агар пулини санаса, ҳар дирҳамига етти юз баробар савоб олади. Агар уни сўйиш учун ерга ётқизса, у банда учун ердан то еттинчи қават осмонгача бўлган барча нарсалар истиғфор айтади. Агар қонини оқизса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир томчисининг баробарига ўнта фариштани яратади. Улар қиёматгача бу бандага истиғфор айтиб туришади. Агар гўштини тақсимласа, ҳар бир луқмасига Исмоил алайҳиссаломнинг зурриётларидан битта қулни озод қилгандек савоб олади”.

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: Пайғамбар алайҳиссалом Фотима (р.а.)га: “Эй Фотима, тур қурбонлигинга гувоҳ бўл. Биринчи тўкилган қон билан сенинг қилган гуноҳларинг кечирилади” дедилар.

Илоҳо, Аллоҳ таоло барчамизга Қурбон ҳайитини муборак қилсин! Келгуси йилни бизларга баракотли қилиб, юртимизни тинч, ватанимизни обод, мустақиллигимизни абадий бўлишини насиб этсин! Барчамизни бир-биримизга меҳр-оқибатли, хайр-саховатли бандаларидан бўлишликни насиби рўзи қилсин!

Абдуллохўжа КАРИМОВ,
Учкўприк тумани “Кушки туркон” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan