“Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курсининг бешинчи босқич машғулотлари якунланди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ҳамда илмий мактабларда 2018 йилнинг 10 июнидан бошлаб “Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курслари ўз фаолиятини бошлаган эди.

Фарғона вилоятидаги «Ислом ҳуқуқи» илмий мактаби қошида ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курсининг навбатдаги – бешинчи босқич машғулотлари якунланди. Бундан уч ой муқадам бошлаган машғулотларда олтмиш нафар талабалар Қуръони каримни тажвид билан ўқиш бўйича мутахассислардан таълим олдилар.

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни мазкур машғулотларнинг навбатдаги талабалари ўқиш жараёнини якунлаганликлари муносабати билан Фарғона шаҳридаги «Уммул қуро» масжидида тадбир ўтказилди. Тадбирда вилоят бош имом-хатиби Убайдулло домла Абдуллаев иштирок этиб, уч ой давомида Аллоҳнинг Каломини тажвид ва тартил қоидалари асосида ўқишга муваффақ бўлган талабаларни қутлаб, бу кунлар ва бундай имкониятларга шукрона келтириш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи, қолаверса, неъматга шукр қилиш унинг зиёда бўлишига сабаб бўлишини таъкидлади.

Битирувчилар орасидан сўз олганлар ҳам бўлиб, улар: – Ҳар бир мўмин-мусулмон киши Аллоҳнинг Каломини ўқишни орзу қилсада, бироқ бу ҳаммага ҳам насиб этмайди. Бугун юртимизда яратилаётган имкониятлар сабаб биз ҳам бу бебаҳо неъматга мушарраф бўлганимиз катта бахт-саодат. Шундай экан, ушбу илм даргоҳини ташкил этишда бош бўлган юртбошимиз ва барча мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва янада зиёда бўлишини сўраб дуо қиламиз, – дея дил сўзларини изҳор қилдилар.

Тадбирда битирувчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллигининг махсус шаҳодатномалари топширилди.

Вакиллик матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan