БўлимларИслом ва иймон

Қуръони каримда сабр ҳақидаги оятлар

فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُون

Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз(Бақара сураси, 152-оят).

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ ۚ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ

Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир (Бақара сураси, 153-оят).

Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта миқдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга-куч, қувватга-қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга-сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир.

وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ يُقْتَلُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أَمْوَاتٌ ۚ بَلْ أَحْيَاءٌ وَلَٰكِنْ لَا تَشْعُرُونَ

Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмайсиз (Бақара сураси, 154-оят).

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ ۗ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ

Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер (Бақара сураси, 155-оят).

الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ

Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар (Бақара сураси, 156-оят).

أُولَٰئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ ۖ وَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ

Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир (Бақара сураси, 157-оят).

Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг салавотлари, меҳри ва шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақиданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда сабр тўғрисида тўқсон ўринда зикр этди ва унга кўплаб яхшиликлару даражаларни изофа қилди (қўшди) ҳамда буларни сабр самараси қилди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди: “Ва ўзларини гуноҳдан сақлашда сабр этганлари учун (Биз) амримиз билан Бани Исроилдан ҳидоятга бошловчи имомларни-уламоларни етказдик” (Сажда сураси, 24-оят). Аллоҳ таоло айтди: “Бани Исроил ўзини гуноҳга ботиришдан сабр этганлиги сабабидан Парвардигорингизнинг чиройли калимаси тамомига етди” (Аъроф сураси, 137-оят).

Аллоҳ таоло хабар бериб айтди: “Биз сабр этганларга ажрларни бериб, қилган амалларига мувофиқ зиёда чиройли мукофотлаймиз” (Наҳл сураси, 96-оят).

Аллоҳ таоло айтди: “Ҳақиқатда сабр этувчиларнинг ажрлари беҳисоб, тўла-тўкис адо этилади” (Зумар сураси, 10-оят).

Муҳаммаднаби ОРИПОВ,
Риштон тумани бош имом-хатиби

Калит сўзлар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close