Эҳтиёт бўлинг! «Қуш инида кўрганин қилур»

Инсон умрига завол бўлувчи нарсалар сарасига кирувчи тамаки маҳсулотларга  ружу қўювчи кишилар, аввало, чекишни атрофдагиларга кўр-кўрона тақлид қилиб ёки дўстлар даврасида ҳавас қилган ҳолларида бошлайдилар. Аммо унга ўрганиб қолаётганларини ҳис қилсалар ҳам нима учун чекишда давом этаверадилар? Ёки улар ўзларига ва ўзгаларга турли хил зарарлар етказаётганларини ва бир умрга кишанланаётганларини ва Аллоҳнинг наздида гуноҳкор бўлаётганларини  билмайдиларми? Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ… سورة البقرة/195

“Ўзингизни ҳалолатга дучор қилманг”. Яъни ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, ўзини ўзи ўлдирди, дейилади. Имом Олусий ушбу оятдан ўлимга сабаб бўладиган нарсага бормаслик чиқади, деганлар.Тамакини истеъмол қилган ҳам шу кабидир.

Хўш, нима учун тамаки маҳсулотлари зарар ҳисобланади? Инсон чекиш орқали ўзига ва ўзгаларга қандай зарарлар келтираётганлигини биргаликда ўрганиб кўрайлик.

Чекиш орқали инсон, аввало, ўзининг соғлигига зарар етказади. Тиббий тарафдан олиб қаралганда, биргина сигарета таркибида инсон ҳаёти учун зарарли бўлган 20 дан ортиқ турли хил моддалар (никотин, углерод оксиди, олтингугурт – водород бирикмаси, аммиак, цианид жавҳари ва ҳ.к.) мавжуд экан.

Инсон чекиш орқали, даставвал, унинг оғиз бўшлиғи, оғиз, бурун ҳамда нафас йўллари, ўпка, юрак, қон томирлари, асаб тизимлари, ошқозон ичакларига зарар етказади. Шу билан бирга чекиш ён атрофидаги инсонларга ҳам катта зарар етказар экан. Бу борада аниқ далилларга келсак. Чекувчи ота билан бирга бўлган фарзандлар, бир йилда 80-90 қути сигарет чеккандек заҳарланиши қайд этилмоқда. Бир мартагина  тутун чиқаришлик билан ён-атрофидагиларни 70 мл грамм кукун, 25 мл грамм карбаноксид билан заҳарлар экан. Шунинг учун ҳам кўплаб ривожланган давлатларда оммавий жойларда, мактаб, ошхона, шифохона, давлат идоралари ва транспорт воситаларида чекиш қатъиян ман этилган.

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَأَنْ لاَ ضَرَرَ وَلاَ ضِرَارَ “… رواه إبن ماجة

Убода ибн Сомит (р.а.)данривоят қилинади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Исломда) ўзига ҳам ва ўзгаларга ҳам зарар еткизишлик йўқдир”, – дедилар (Ибн Можа ривояти).

Инсон яна бу иш орқали ҳамёнига ҳам катта зарар етказишлиги ҳеч кимга сир эмас. Албатта, бир кунда бир қути сигарет чекадиган кашанда умр бўйи анчагина пулни кул қилиб хавога совуради. Энди чекишга сарфланган вақтни ҳисоблаб кўрайлик. Ҳар куни ўртача бир қути сигарет чекиш учун бир ярим соат сарфланар экан. Бу эса бир йилда 23 кунни, 16 йилда эса 1 йилни ташкил қилар экан. Бу ишни ўзларига одат қилиб олган инсонлар Аллоҳ таолонинг берган соғлиқ неъмати, умр неъмати, бойлик неъматларига хиёнат қилиб гуноҳга қўл урмоқдалар. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) ҳам ўз тавсияларида соғлиқни сақлашлик, умрни зое қилмаслик, молни исроф қилмаслик борасида кўплаб ҳадисларида огоҳлантирганлар.

Бу қандай ҳаётки, жамиятнинг ярми сизга ёмон кўз билан қараса. Ҳатто бадбўй димоғ билан ўғил-қизларини ёки бешикда ётган чақалоғини ўпиб қўйса-ю,  улар эса оталарини яхши кўрганлари сабабли эътироз билдириша олмаса. Энг дахшатлиси, бундай ҳаётни ақлу хуши жойида бўлган инсонни ўзи танлайди.

Шундай экан, юқорида зикр қилиб ўтилган зарарли иллатлардан фарзандларимизни асрамоғимиз лозим бўлади. Оиладаги ота ўз фарзандини  баркамол, ақлан етук, жисмонан бақувват бўлиб вояга етишлигини орзу қилар экан, аввало, ўзи фарзандларига ҳар тарафлама ўрнак, намуна бўлиши даркор. Халқимизда “қуш уясида кўрганини қилади” дея бежиз айтилмаган.

Саидакбархон Аъзамхонов,

Бувайда тумани “Пошшопирим” масжиди имом-ноиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan