Раҳмат ойи Рамазон

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Рамазон ойида менинг умматимга мендан аввалги пайғамбарларга берилмаган беш нара берилди:

Биринчиси: Рамазон ойининг аввалги кечаси Аллоҳ уларга (раҳмат) назари билан боқади, кимга Аллоҳ раҳмат назари билан боқса, уни ҳеч ҳам азобламайди.
Иккинчиси: Уларнинг оғзидаги ҳид Аллоҳ ҳузурида мушкнинг ҳидидан ҳам ҳушбўйроқ бўлади.
Учинчиси: Фаришталар уларнинг ҳақларига туну-кун истиғфор айтадилар.
Тўртинчиси: Аллоҳ азза ва жалла жаннатига: “Бандаларим учун тайёрлангин ва безангин. Улардан тезда дунё қийинчиликлари, ташвишлари кетиб, Менинг жаннатим ва зиёфатимга келадилар” дейди.
Бешинчиси: Рамазоннинг охирги кечаси бўлганда, уларнинг барчасини Аллоҳ мағфират қилиб юборади”, деган эдилар, (атрофдагилар): “Ё Аллоҳнинг Расули! У Қадр кечасими?” дейишди шунда у зот: “Йўқ! Агар ишчилар ишларини тугатсалар, ҳақлари тўлиқ қилиб бериладими?!” (Яъни бу мукофот улар рўзани тўлиқ тутганлар учун берилади) Қадр кечасининг савоби алоҳида берилади) (Насоий ва Байҳақий ривоят қилганлар).

Уламоларимиз “Рамазон” сўзи қуйидаги маъноларни англатишини ҳам зикр қилишган.

Ра     – раҳмат;
ма     – мағифират;
з        – жаннатда зиёфат;
о       – дўзаҳдан омонлик;
н       – Азиз ва Ғоффор сифатли Зот – Аллоҳдан нур.

Аллоҳим ушбу ёзнинг жазирама иссиқ кунларда ҳам Сенинг буйруғингга мувофиқ муздек сувдан тийилмоқдамиз. Бизларни ваъда қилинган кундаги ҳавзи кавсар сувидан барчамизни баҳраманд қил!

Адҳамжон ЮЛДАШЕВ,
Ўзбекистон тумани бош имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan