Рустам Сагдиев Имом Бухорий ҳаëти ҳақида қиммат бюджетли фильм устида иш бошлаганини билдирди

Кинорежиссёр Рустам Сагдиев Ўзбекистон президенти топшириғи асосида IX асрда яшаб ўтган таниқли Ислом олими Имом Бухорий ҳаëти ҳақида қиммат бюджетли икки қисмли бадиий фильм устида иш бошлаганини билдирди. Бу ҳақда telegraf.uz сайти хабар тарқатди.

Кинорежиссёрнинг айтишича, “бир неча миллион долларлик” бу кинолойиҳа давлат гранти асосида “Ўзбеккино” ДАК ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳамкорлигида суратга олинади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида кинематография вакиллари билан учрашган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “исломий мавзудаги фильмларни суратга олиб, масжидларда намойиш қилиш” таклифи билан чиққан эди.

“Нега ал-Бухорий тўғрисида кино йўқ? Ат-Термизий бобомиз?! Термизийлар сулоласи, деганда қанчадан-қанча гаплар бор. Бу ҳам бир йўналишми йўқми?! Мотуридий ҳақида кино кўрсатиш, у ҳам бир йўналиш. Ислом цивилизацияси деганда нимани кўрсатамиз биз?! Элимизга тўғри исломни тараннум этиш – жуда катта тарбия. Масжидларда ҳам буни қўйса бўлади“, деган эди президент ўз нуқтида.

Сагдиевга кўра, президентнинг бу нутқидан кейин Термизий ва Бухорий ҳақида кинофильмлар устидаги ишлар жадал суръатлар билан бошланган. «Президентимиз, маблағ ва техника масаласида муаммо бўлмайди, деб ваъда берди. Керак бўлса, ўша Ҳолливуд ишлатадиган энг сўнгги кинотехникаларни сотиб оламиз. Фильмга жаҳон кино юлдузлари таклиф қилинади», – деди киночи.

Кинорежиссер ўзи суратга оладиган «Имом Бухорий» (фильмнинг ишчи номи) ҳақидаги фильм дунë экранларига чиқишидан умидвор.

 БИЗНИ «YOUTUBE» КАНАЛИМИЗ ОРҚАЛИ КУЗАТИБ БОРИНГ!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan