Саодат калити қўлингизда!

Катта қиз бўлиб қолганингизни хис қилаётгандирсиз. Ўн саккиз ёш – балоғат остонасидан хатламоқ демак. Бу, катта ҳаёт йўлингизни адашмай белгилаб олинг, янглишсангиз ёки хато қилсангиз бир умр пушаймонликда қоласиз, дегани ҳамдир. Эртага оилада, жамиятда ўз ўрнингизни топиб, ана шу мақсадлар сари дадил қадамни ҳам айни шу ёшда ташлайсиз. Энди болалик шўхликларингиз ортда қолди. Ота-онангиз, ака-ука, опа-синглингиз, қариндош-уруғлар, дўсту дугоналарингизга муносабатларда ҳам катта қиз бўлиб қолганингизни англаб иш тутмасангиз, мувозанатни тўғри ва аниқ белгилаб олмасангиз бўлмайди. Акс ҳолда ҳамманинг зътиборидаги балоғатга етган қизнинг охорига гард қўниб қолиши ҳеч гап эмас.

Бугун, Сиз — қизларжонларга жамиятимиз жуда катта умид ила кўз тикиб турибди. Зеро, Сиз жамиятни ҳаракатта келтирувни фидойи кучнинг тенг ярмини ташкил этиш баробарида, қолган ярмини дунёга келтириб, тарбияловчи миллат онасига айланасиз.

Бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали инъом этилган Исломга беҳисоб шукрларким, покиза ва беминнат динимиз Сизу бизни азизу мукаррам қилди. Жоҳилият замонида қизларга бир буюмдек қаралганини ўқиганмиз. Ислом эса “Жаннат оналар оёғи остидадир” дея сабоқ беради. Ҳам динимиз, ҳам давлатимиз эъзозига яраша саъй-ҳаракатда бўлиш эса Сизларнинг, Сизларни йўналтириб турувчи биз — оналарнинг виждон ишимизга айланмоғи зарур ва шарт.

Қаранг-а, олий маълумот олмоқчи бўлсангиз, бир йўналишда бирданига учта олий ўқув юрти синовидан ўтишингиз мумкин экан. Бундай имкон қачон бўлган?! Ёки Президентимиз бошлаб берган бешта ташаббус асосида Сизларни касб-ҳунарга ўргатиш, маънавият ва маърифатга ошно этиш учун қилинаётган ҳаракатларни кўринг! Бу имконлардан фойдаланиб қолишга интилаётган қизлар яхши келажагига асос яратяптилар, десак муболаға бўлмас. Шу ёшда қизларимиз уй-рўзғор юмушлари, пазандачилик сирларини ўзлаштириб, келинлик, оналик, бекалик, умр йўлдошлик сабоқларидан ҳам бохабар бўлсалар. Бу йўлда сабр-тоқатнинг ўрни беқиёс эканини тушуниб етсалар, айни муддао бўлур эди. Ҳаётий сабоқларни эса қизларимиз аввало оналаридан, бувиларидан олишлари жуда муҳимдир. Улар ҳар қандай лозимандаларидан-да бундай тарбия муҳим эканини унутмасалар яхши бўларди.

Кузатишларимдан келиб чиқиб айтаманки, бугунги қизларимиз негадир ўта нозик бўлиб кетдилар: битта гап — ортиқ, яримтаси — кам. Уларни ҳаётда адашмасликка, енгил-елпи йўлдан сақлашга ҳаракат қилаётган оналарини баъзан тушунмайдилар. Оналарини ўзларига дўст тутмаётган қизларимиз борлигига ачиниб кетасан. Ахир ёруғ дунёда онадан-да содиқроқ дўст бор эканми?!

Баъзан Сиз жуфт танлашга жуда юзаки ёндошасиз. Унутманг, Сизга қўлини чўзган ҳар қандай одам ҳам бахтли қилавермайди. Қадди-бастига, бойлигига учмай, ориятли, диёнатлисини танласангиз адашмайсиз. Оналар турмушнинг аччиқ-чучуги, оғир-енгилини биладилар. Улар ўзлари тўқнаш келган нохушликлардан Сизларни асраш учун баъзан каттиққўллик қиладилар. Сиз адашиб қолмаслигингиз учун гоҳида уришадилар, кўз ёши тўкадилар, қаттиқ гапирадилар. Сиз эса “онам мени уришди, ноҳаклик қилди, мени тушунмайди” деб ўйлайсиз. Ваҳоланки, онангизнинг қаттиққўллиги замирида меҳрибонлик, Сизнинг эртангиз учун қайғуриш ётганини тушуниб етадиган ёшдасиз энди.

Эҳ оналар-а, гард юқтирмай улгайтирган қизи жамиятдан ўз ўрнини топсин, бир оилага муносиб келин бўлсин, тушган жойида униб-ўссин, ҳар қандай тусиқ ва қийинчиликларни сабр-бардош-ла енгиб, одоби ва билимдонлиги билан қадр топсин, дея орзулайди-да.

Қизим фалон мутахассисликни эгаллаб ёки касб-кор қилиб, эл-юрт корига яраяпти, дейиш улар учун қанчалар гаштли.

Сиз тушган жойингиздан таъна-маломатлар эмас, раҳматлар эшитишни истайди-да оналар. Не-не орзу-умидлар билан йиғиб, машинага босиб берган юкларингиз ота уйингизга қайтмасин, тушган жойингизда туп қўйиб, палак ёйинг, дейди-да онаизорлар. Тушган уйингизда рўшнолик кўринг, хонадонни обод этиб, шажарасининг узилмас халқаси бўлиб қолинг, дейишади оналар, оталар ҳам.

Қуръони каримнинг “Фурқон” сураси 74-оятида мўминлар номидан “Парвар- дигоро, хотин-қизларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин” дея марҳамат қилинади.

Давлатчилигимизда ҳам Сизга умид кўзлари тикилганини ҳар қадамда ҳис қилиб яшанг.

Одобингиз, касб-корингиз, кийинишингиз, юриш-туришингиз, муомалангиз, оналик ва бекадик, жуфтлик бахтингиз билан кўзларни қувонтирадиган инсон бўлсангиз, икки дунё саодати Сиз билан. Биз, ота-оналарга бундан бошқаси не даркор?!

Маҳбубахон ТУРСУНОВА,
Қўштепа туманиСармазор маҳалласи отинойиси

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan