Сарҳадларимиз дахлсизлигига хизмат – олий шараф

Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир ватандошимизнинг муқаддас бурчидир. Мустақил юртимизда ҳар йили 14 январ – “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида кенг нишонланади. Бу байрам барчанинг байрами бўлиб, ҳар бир ота-она олдига жуда катта масъулият бўладики, ўз фарзандини юрт ҳимоячиси этиб тарбия қилишга чорлаб туриши даркор.

Тинч ва осуда мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари кунининг умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ўсиб келаётган ёш навқирон авлод қалбида ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳини янада кучайтириши шубҳасиздир.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Саъид ибн Зайд (разияллоҳу анҳу) ривоят қилиб: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, – деганлар (Абу Довуд ривояти).

Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни – унинг Ватанини ифода этади.

Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан экани, ундан юз ўгириш ёки бирор баҳонани рўкач қилиб қочиб қолиш оғир гуноҳлиги ҳақида Қуръони каримда бани Исроил қавми мисолида қуйидагича баён этилган:

“Мусодан кейин Исроил авлодининг зодагонларини кўрмадингизми?! Улар ўзларининг Пайғамбарига: “Бизга бир подшоҳ юборгин, (биз у билан) бирга Аллоҳ йўлида жанг қилайлик”, – дейишди. “Балким сизларга уруш фарз қилинса, урушмассиз”, – деди (Пайғамбар). Улар: “Юртимиздан ва фарзандларимиздан жудо қилиниб турибмиз-ку, нега Аллоҳ йўлида урушмас эканмиз?”, – дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгина кишидан ташқарилари (жангга чиқишдан) бош тортдилар. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир” (Бақара, 246).

Ушбу келтирилган биргина оятдан ҳам кўриниб турибдики, имон ва Ватан йўлида курашиш, унинг озодлиги, чегараларининг дахлсизлигини қўриқлаш муқаддас бурчдир.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом); “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши шартдир.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол кўтариб эмас, керак бўлса билим билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур!

Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши шаҳидлик мақомига етиши ҳақида башоратлар мавжуд.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармайди.

Кечагина ўйнаб-чопиб юрган кичкинтойлар кўз очиб-юмгунча ҳарбий хизмат ёшига етадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин!

Т.Эрбўтаев,

ЎМИнинг Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби

Тавсия этамиз

Leave a Comment