Сиз рўза туфайли топган энг улкан фойда нима?

Алҳамдулиллаҳ, мана 1440 ҳижрий санани Рамазон ойига ҳам сиҳат саломатлик ва тинчлик омонликда етиб келдик. Беҳисоб ҳамдлар бўлсин, бу йилги Рамазон ойига тайёргарлик ҳар йилгидан кўтаринки кайфиятда бошланмоқда. Рамазон ойи рўзасини тутиш динимизниг асосий устунидан бири.

Аллоҳ таоло бандаларини нимага буюрса ёки нимадан қайтарса, албатта, бунда инсон саломатлиги учун биз билган ва билмаган кўплаб фойдалар бор.   Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Шояд тақводор бўлсангиз деб сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек сизларга ҳам рўза фарз қилинди”, деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 183-оят).

Аллоҳ таоло бандаларига ушбу оят карима орқали рўза тутишликдан асосий мақсад тақво ҳосил қиладиган амаллардан бири эканлигини баён қилмоқда. Лекин бу дегани гуноҳ ва маъсиятлар қилиб ҳам рўза тутса, тақводор бўлади дегани эмас, албатта. Тақво – Аллоҳнинг наздида қанчалик буюк нарса эканлиги ҳақидаги ояти карималар ҳаммамизга маълум ва машҳур.

Аллоҳ биз мўминларга фарз қилган Рамазон рўзасининг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:

Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятнинг охирида «Шоядки, тақводор бўлсангиз», дейди. Аллоҳ таолонинг «Шоядки» дегани эса «Албатта бўласиз» мазмунидадир. Очлик ила кишиларни даволовчи табиблардан бирига: «Сиз рўза туфайли топган энг улкан фойда нима?» деб савол берилганда: «Аллоҳни ҳис этиш, ибодат қилишга ҳавас, қисқаси, тақводорлик», деб жавоб берди.
Рўзанинг энг машҳур ҳикматларидан бири соғликдир. Рўза ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши намунасидир. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги таъкидланмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртларнинг табиблари очлик — рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар. Яқинда рус олимлари томонидан рўза тутдириш йўли билан даволанган беморлар рўйхати эълон қилинди. Натижалар, кишини ҳайратда қолдиради. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам шу усулдан шифо топганлар.
Рўзанинг фойдаларидан яна бири ҳавои нафсни синдиришидир. Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавои нафс эса инсонни ҳеч качон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний нарсалар ва истаклардан ўзини тийиш билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради.

Рўзадор шайтонга қаҳр кўрсатади. Маълумки, лаънати шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон боласи ёмонликка юрса шайтон алайҳиллаъна хурсанд бўлади. Инсон боласи яхшиликка юрса, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди.

Рўзадорнинг қалби мусаффо бўлади. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ҳам, ўзи ёлғиз қолганда ҳам рўзасини очишга журъат қилолмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш киши қалбини мусаффо қилади.

Рўза тутган кишиларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Рўза ҳақидаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида бу ҳақиқатни яна ҳам очиқ-ойдин кўрамиз.

Рўза тутган киши фаришталар сифати ила сифатланадилар. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатлардир.

Рўзадорнинг сабр-бардоши ортади. Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун кўнгил хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши керагича сабр-бардошга эга бўлади.

Рўза раҳм-шафқат сифатини шакллантиради ва мустаҳкамлайди. Рўза туттан киши ўз ихтёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳишларидан, лаззатли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан бирга, ноиложликдан оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойи рўзасини буюрулгандек тутиб  онадан янги туғулгандек гуноҳлардан фориғ бўлиб келгуси рамазон ойига қадар маънавий руҳий озуқа билан чиқишимизга мувоффақ айласин. Омийн!

Интернет манбалари асосида Марғилон шаҳар
“Худоёрҳожи” масжиди имом-хатиби Икромжон Турсунов тайёрлади

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan