Сўнгги пайғамбарнинг дунёга келишида қандай мўъжизалар рўй берган эди?

Маълумки, Робиъул аввал ойи нафақат мусулмонлар учун, балки бутун инсоният учун ҳам қадрлидир. Чунки Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган ва барча пайғамбарлар унинг келиши ҳақида башорат берган ҳамда бутун мавжудот интизорлик билан кутган пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу ойда таваллуд топганлар.

У зот ҳали дунёга келмасларидан олдин ҳам У зот ҳақидаги башорат ва хушхабарлар кенг тарқалган эди. Аввало, инсонларни ҳидоят йўлига бошлаш учун Аллоҳ таоло томонидан юборилган барча Пайғамбарлар ва уларга нозил қилинган илоҳий китоблар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг келишлари ҳақида хабар берганлар. Масалан, Исо (а.с.)нинг хушхабарлари ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

«Эсланг, Исо ибн Марям: «Эй, Исроил авлоди, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман», деган эди.

Самовий китоблардаги башоратлардан илҳомланиб, кўплаб буюк зотлар ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг рисолатлари ҳақида хушхабар берганлар. Жумладан, Сайф ибн Зиязан деган киши Расулуллоҳ (с.а.в.) туғилишларидан икки йил аввал Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг боболари Абдулмутталлибга: «Маккада бир бола туғилади ва унинг икки курагининг ўртасида холи бўлади. У Аллоҳ томонидан пайғамбар бўлади. Эй, Абдулмутталиб, сен унинг бобосисан!», деган (Байҳақий ва Ҳоким ривоятлари).
Аллома Алиййул қорий (р.ҳ.) ўзларининг «Шарҳуш-шифо» китобларида Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.)нинг имонга келишлари ҳақидаги воқеани келтирадилар. Буни Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.)нинг ўзлари шундай баён қилганлар: «Мен ҳар доим Яманга тижорат учун борганимда, ўша жойда Аскалон-ул-Химярий деган улуғ кишининг уйида меҳмон бўлардим. Ҳар сафар у мендан: «Маккада сизнинг динингизга мухолиф бир дин чиқдими?» – деб сўрар эди. Мен эса: «Йўқ» деб жавоб берардим. Сўнгра Расулуллоҳ пайғамбарлик даъвоси билан чиққан вақтда яна Яманга бордим ва яна ўша хонадонда меҳмон бўлдим. Хонадон соҳиби эса, ёши жуда улғайиб, қулоқлари ҳам яхши эшитмайдиган ҳолда эди. Авлодлари унинг атрофида тўпланиб ўтирган эдилар. Унга менинг келганимни айтдилар. Шунда ўрнидан турмоқчи бўлди ва фарзандлари ёрдамида ўтирди. Менга қараб: «Ўзингни танитгин, эй, қурайишлик биродар», деди. Мен ўзимни танитдим. У ўз одатига кўра мендан: «Маккада сизнинг динингизга мухолиф бир динни даъво қилиб бирор киши чиқдими?» деб сўради. Мен эса: «Ҳа, бир одам янги дин даъвоси билан чиқди» дедим. У: «Сенга тижоратдан ҳам яхшироқ нарса ҳақида хушхабар берайинми? Аллоҳ таоло сенинг қавмингдан бир пайғамбар юборди. Тезроқ орқангга қайт! Унга мана шу шеъримни бергин?» деб менга бир қоғозни тутқазди. Унда Расулуллоҳ (с.а.в.)ни мадҳ қилувчи байтлар ёзилган эди. Мен уни олиб Маккага қайтдим. Биринчи бўлиб Абу Бакр (р.а.) билан учрашиб, унга бўлган воқеани айтиб бердим. У мени тезда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига боришга буюрди. Мен Ҳадича (р.а.)нинг уйларига бордим. Расулуллоҳ (с.а.в.) мени кўришлари билан табассум қилиб: «Мен покиза ва гўзал сиймони кўряпман. Унинг орқасида бир яхшилик ва хушхабар борлигига ишонаман. Гапир, нима демоқчисан?», дедилар. «Менда бир омонат бор», дедим. «Мактубми?», дедилар. Шунда мен «Ҳа» дедим ва мусулмон бўлдим ҳамда бўлган воқеани Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтиб бердим. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Ҳимярли биродар мўминдир, у мени тасдиқлайди», дедилар.

Саидакбархон АЪЗАМХОНОВ,
Бувайда тумани “Пошшопирим” масжиди имом-ноиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan