Соқол қўйиш модами?

Соқол йигитлар кўркига кўрк қўшиб, уларнинг қиёфасига қандайдир улуғворлик бахш этиб туриши бор гап. Буни инкор этиб бўлмайди. Афсуски, бугун айрим соқолли йигитларимизни кўрар эканмиз, соқол фақат шу мақсадда, яъни бошқалардан ажралиб туриш учун қўйиладими? Соқол қўйиб олган ёшларимиз ҳаммаси ҳам бу ишнинг асл моҳиятини ва масъулиятини чуқур ҳис эта олармиканлар ёки соқол қўйиш модага айланиб қолдими деб, ўйлаб қоласан киши.

Маълумки, соқол қўйиш динимизда муқаддас саналган одоблардан бири саналади. Шунинг учун соқол қўйиш баробарида инсон ўз зиммасига бир қатор масъулиятларни ҳам юклайди. Биринчидан, соқол қўйишнинг ўзига яраша одоблари бор. Уни қай даражада ўстириш, қандай ҳолатда сақлаш, таҳорат олиш, ғусл қилиш жараёнларида соқолли киши нималарга эътибор қаратиши лозимлигини ҳамма ҳам биладими? Ачинарлиси шуки, хизмат тақозоси билан баъзан шундай ёшлар билан суҳбатлашганимизда узун ва қалин соқол ўстириб олган бўлишларига қарамай соқол билан билан боғлиқ оддийгина талабларни ҳам билмайдилар. Энг ёмони, баъзиларидан имон калималарини биласизми, таҳорат ва ғусл нима, уларнинг фарзлари ҳақида нималарни ўргангансиз деб сўрасак, жўяли жавоб бера олмайдилар. Соқол қўйиб олиб динимизда қатъиян қораланган, ҳаром қилинган ишлар билан шуғулланишдан ҳам ҳазар қилмайдилар. Қолаверса, бундай ёшларнинг кўпчилиги пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида таъкидланганлиги учун эмас, қайсидир актёрларга, спортчиларгаёки бошқаларга тақлид қилиб соқол ўстирадилар ва бу билан диний эътиқодимизга нисбатан ҳам ҳурматсизлик қиладилар. Энг ачинарлиси, айрим соқол қўйган ёшларнинг кўча-кўйда ўзини одобсизларча тутиши, беҳаё қилиқлари, атрофидагиларга қўпол муносабати, кибру ҳавоси билан кишилар орасида салбий фикр уйғотиши ҳам турган гап. Демак, соқол қўйишдан олдин у билан боғлиқ барча суннат, вожиб, фарз амалларни чуқур ўзлаштириш лозим. Соқол кимларгадир тақлидан ёки мода учун қўйилмаслиги, балки динимизда мавжуд бўлган вожиб амал эканлигини билиш ва шунга яраша бўлишга интилиш кераклигини чуқур ҳис этиш зарур бўлади. Бу борада билиб-билмай кўр-кўрона иш тутиш, кимларнидир қоралаш, кимларгадир таъна қилиш яхшиликка олиб бормайди. Зеро, мусулмон киши ҳеч қачон кибру ҳавога берилмайди, эътиқод масаласида ўзи билмаган масала юзасидан тортишмайди, ҳеч кимнинг дилига заррача озор бермайди, тушуниб-тушунмай кимларгадир тақлид қилмайди, ҳар бир амалнинг асл моҳиятини, оқибатини ўйлаб иш тутади.

Жўрабек РАҲМОНОВ,
Фарғона шаҳар “Янги чек” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan