Судхўрликдан сақланинг!

Судхўрлик ҳақида сўз юритганимизда, албатта, уни  рибо эканлигини ҳам тушунамиз. «Рибо» луғатда «зиёда» деган маънони англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган қўшимча маблағдир. Рибо, яъни судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб, бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз бериш ўрнига судхўрлик юзасидан муомала қилади. Масалан: «Мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман. Сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан», дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо. Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагиларни айтади: «Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар. Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган. Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар» (Бақара 275).

Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввалдан яхшилаб сингдириш мақсадида ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматдаги ҳар бир одамнинг сиртқи ҳолидан иши қандай экани билиб олинади. Худди ўша куни одамлар қабрларидан ураётганларида судхўрлар албатта, ўзларига хос бир ҳолатда турар эканлар. Уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди. Одатда жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Судхўрларда ҳам ана шу ҳолат бўлар экан. Баъзи тафсирчиларимиз «Судхўрларнинг бу ҳолатлари фақат қиёмат кунига боғлиқ эмас, балки бу дунёда ҳам шундай бўлади», деганлар.

Судхўрлар рибони ҳалол деб эътиқод қиладилар ва уни тижоратга ўхшатадилар. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда ёки зарар кўришга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилиш билан бир вақтда куйиб қолишни ҳам бўйнига олган ҳолда иш бошлайди. Меҳнат қилиб, одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади. Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай, жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ. Мазкур сабабларга ва яна бошқа бу ерда саналмаган сабабларга кўра, шариятда инсон ҳаётида тижоратни қўллаш ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.

Судхўрлар мол-дунёлари зиёда бўлиши учун рибохўрлик қиладилар ва ўзларига келган фойдани санаб юрадилар. Аслини олганда натижа бунинг тескариси бўлади. Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам, Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади ва яна кўп бало-офатларга дучор қилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати албатта озайишга қайтади», деганлар.

Исломда ҳукм юритишнинг энг таъсирчан йўли ташқи кучларни ишга солиш эмас, балки ҳар бир одамнинг қалбини ўзига кузатувчи қилиб қўйишдир. Бу ҳолатда ҳар бир кишининг виждони ўзига қўриқчи бўлади. Шунинг учун, Исломда рибо асосида молиявий алоқа олиб бориш мутлақо ҳаром қилинган. Ночор ҳолга тушиб, рўзғор тебратиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган киши билан хайр-эҳсон ёки яхши қарз бериш билан молиявий алоқа олиб бориш лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳалол ризқ топиб, баракали ҳаёт ўтказишимизга муваффақ айласин!

Салимжон Қодиров,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan