Таниқли уламо Абдуфаттоҳ қори Луқмон қори ўғли вафот этди

Абдуфаттоҳ қори Луқмон қори ўғли – 1937 йилда Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани “Яккатут” қишлоғида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, дастлаб отасининг тавсияси ва кўмаги билан Марғилонлик машҳур олим Аҳмаджон охунд домлада, сўнг мулла Тоштемир охунд домла, Сулаймон қори домла ва Зокиржон охунд каби устозлардан таҳсил олган.

Суярхон тўра Исахонтўра ўғли, Тешахон тўра ва Убайдуллоҳ махдум каби эл таниган устозлар ила ҳамсаф бўлган Абдуфаттоҳ қори Абдулложон махдум Марғилоний (қайнотаси) ҳамда домла Муҳаммаджон Ҳиндистоний каби ўз замонасининг етук уламолари бўлган устозлардан таъли олиш, ҳамсуҳбат бўлиш ва уларга хизмат қилиш шарафига ҳам муяссар бўлган.

У дастлабки фаолиятини Тошлоқ туманидаги “Абу Ҳанифа” масжидида бошлаган бўлса, кейинчалик Марғилон шаҳридаги “Абдуллоҳ ибни Масъуд” масжидида имом-хатиб сифатида узоқ йиллар фаолият олиб борган. Шунингдек, 1990-1995 йилларда эса Марғилон шаҳридаги “Саидаҳмадхўжа Эшон” мадрасасида катта мударрис бўлиб, кўплаб толиби илмларга устозлик қилган.

Айни вақтда устоз Абдулфаттоҳ домланинг шогирдлари нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиё мамлакатларида ҳам фаолият қилиб келишмоқда.

Таниқли уламо Абдуфаттоҳ қори Луқмон қори ўғлининг вафоти муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги жамоаси ҳамда барча устозлар марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия билдирадилар.

Аллоҳ марҳум Устозимизни мағфират қилсин, ҳаётлик вақтида қилган барча яхши амаллари, хусусан, Ватанимиз ва динимиз ривожи йўлида олиб борган хизматларини қабул айлаб, Ўзининг марҳамати ила қабрларини нурга тўлдирсин ҳамда жойларини жаннатда қилсин! У кишининг барча яқинларига Аллоҳ сабри жамил ато қилсин!

Жаноза намози бугун, 8 июль душанба куни соат 18:30да марҳумнинг хонадонида ўқилади.

Манзил: Фарғона вилояти, Марғилон шаҳри Узумзор МФЙ Билимдон кўчаси 17-уй. Мўлжал: “Шинам” тўйхонаси рўпарасида

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Вакиллик матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan