ДолзарбЖаҳолатга қарши - маърифат!Мақолалар

Тариқат ҳам илмга даъват этади

Тариқат – йўл демак. Бизнинг йўлимиз Қуръон ва ҳадис кўрсатмасидир. Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг асл тариқатлари мана шу асосда бўлган. Бироқ ҳозирги кунга келиб “сохта тариқатчилар” ҳам пайдо бўлиб, улар илмсизликлари туфайли соф тариқатни бузиб талқин қилмоқдалар.

Қуръони каримнинг илк ояти “اقرء” сўзи билан бошланиб “Ўқи” маъносини билдиради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўплаб ҳадиси шарифларида илмга тарғиб қилганлари маълум ва машҳурдир. Жумладан, “Бешикдан қабргача илм талаб қилинг”, деганлар. “Сохта тариқатчилар” эса тариқат йўлига кирган кишига илм шарт эмас, ҳатто илмни тарк қилиш афзал деб даъво қиладилар. Бунга далил сифатида илм ибодатга васила холос, модомики инсон Аллоҳга ибодат қилиш йўлига ўтган экан, унга илмнинг зарурати йўқ, дейдилар. Ва яна шайтон ҳам олим эди, сажда қилмай малъун бўлди, деб далил қиладилар. “Саботул ожизийн” китобида сўфи Оллоёр шундай деганлар:

Шариатсиз киши учса ҳавога,
Кўнгил берманг анингдек худнамога…

Демак, асл тариқатда аввало шариатни пухта ўрганиш зарур. Тарихдан маълумки, XVIII асрда Марказий Осиёда Нақшбандия тариқатига улкан ҳисса қўшган Мусохон Дахбидий шогирдларидан бўлган халифа Сиддиқ зикр ўрнига кўпроқ Қуръон ўқишга ва шариат илмларини пухта ўрганишга тарғиб қилган. Халқаларда кўпинча “Тафсир ал-Байзовий” ва “Мишкоти шариф” ҳамда фиқҳ китобларидан Атоуллохўжа Бухорий, Зокирхўжа Марғинонийдек уламолар дарс ўтишган. Алишер Навоий “Ҳамса” асарида Фарҳод образида солик, яъни ҳақни топаман деб тариқат йўлига кирган мўминни ифодалаган. Фарҳодни таърифлаганда дин ва дунё илмларини мукаммал ўрганиб, кўп ҳунарларга эга эканлиги айтилган.

Келтирган далилларимиздан маълум бўладики, “Асл тариқат” йўлига кирган кишига илм зарур экан. Шунингдек, “сохта тариқатчилар” таҳажжуд намозини фарз даражага кўтаришлари, қазо намози ва тутолмаган рўзалари соқит бўлади, дейишлари уламолар ўртасида эътирозга сабаб бўлаётгани ҳам ҳақиқат. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлга ҳидоят қилсин!

Неъматали ҚУРБОНОВ,
Риштон тумани “Оқ мозор” масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close