ДолзарбМақолаларМусулмоннинг одоби

Тарозининг палласини тенг ушлайлик

Ислом мўътадил диндир. Яъни ҳар ишимизда меъёр муҳим. Баъзилар дунёга берилиб, динига вақт ажратмайди. Яна айримлар бўлса, динига берилиб, дунёсига вақт ажратмайди. Пайғамбарамиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларидан бирида шундай марҳамат қилганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз динини деб дунёсини, дунёсини деб динини тарк қилмайдиганларингиздир”.

Демак, мусулмон киши охират ишлари  билан бир қаторда яшаб турган дунёсини ҳам обод қилишга буюрилган экан. Чунки шу дунёда яхши амалларни бажариб, охиратда ҳам улкан ажрларга эришамиз.

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Дунё қандай ҳам яхши улов, унга мининглар, сизларни охиратга етказади”, дейилган.

Кунларнинг бирида ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларида бир киши дунёни роса ёмонлабди. Дунё ўзи ундоқ-бундоқ, қўйинки, нима ёмон таъриф бўлса айтибди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Тўхта, намунча  дунёни ёмонлайвердинг, ахир бу дунёда яхши амаллар қилиб, охират саодатига эришиш учун шу дунёга келдик. Шундай экан, дунёни ёмонлама, – дея танбеҳ берган эканлар.

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолодан сўраган эканлар: “Ё Аллоҳ! Қачонгача дунё талабида юраман?” деганларида Аллоҳ таолодан нидо бўлиб: “Бундай дема! Чунки тирикчилик ҳаракатида бўлиш дунёни талаб қилиш эмас”, дейилди.

Иккинчи тоифадагилар эса, фақат мол-дунёнинг орқасидан қувиб охиратлари учун ҳеч нарса ҳозирлашмайди. Ўзларидан сўрасангиз, вақтим йўқ, ҳозир тирикчиликдамиз, ёшимиз катта бўлганида шунда бемалол ибодатларни бажарамиз, дейишади. Ваҳоланки соатлаб телевизор кўриб, телефон ўйнаб, картаю нарда ўйнашдан толишмайди. Бироқ ибодатга келганда вақт топа олишмайди. Агар ҳаракат қилса, бемалол ибодатга ҳам, тирикчиликка ҳам вақт топилади. Фақат ўзимизда хоҳиш-истак бўлса, кифоя. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Қачон сиз дунё ишларидан фориғ бўлсангиз, Парвардигорингизга юзингизни буринг” (Шарҳ сураси, 7-8 оятлар). Демак, ибодатларга дангасалик қилмай, умр деган азиз неъматни қадрига етайлик. Хулоса қилиб айтганда, тарозининг палласини тенг ушлайлик! Шоир айтганидек:

Дунё ва унинг кунларини ёмон деб тарк этма,
Гарчи сенга бир мусибат етган бўлса ҳам.
Дунёнинг шараф ва фазилатини билмоқчи эрсанг.
Шу иккисин деб охиратда даражанг ошар.

Ҳасанбой ЮСУПАЛИЕВ,
Марғилон шаҳар “Зиё” масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close