Жаҳолатга қарши - маърифат!Мақолалар

Тeррор ва унинг зарарлари

Дин номидан, унинг манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз, деган даъвода бўлган айрим одамлар ўз динлари таълимотини тушуниб-тушунмай, ҳаётга нотўғри тадбиқ этаётганлари беш қўлдай аён. Шунинг учун у ёки бу дин ҳақида ана шундай одамларнинг хатти-ҳаракатига қараб баҳо бериб бўлмайди. Зеро иймон-эътиқодли бўлишнинг ҳақиқий йўли илоҳий китобларни, ана шу динни нозил қилган Парвардигорнинг ваҳий-кўрсатмаларини англаб етиш орқали ўтади. Инсониятга ислом неъматини ато этган илоҳий ваҳий – Қуръони каримнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланган. Ана шу илоҳий кўрсатмаларга амал қилувчи мусулмонлар ҳамиша фавқулодда юмшоқ феълли, раҳм-шафқатли, адолатпарвар ва софдил бўладилар.

Умумлашган тушунчада «террор» дегани у ёки бу кўринишда сиёсий мақсадларга эришиш учун ҳарбий бўлмаган объектларга,тинч аҳолига қарши куч ишлатишдир. Бошқача айтганда, ҳеч бир гуноҳсиз кишилар террорнинг нишони бўлишади. Террорчилар наздида ана шу одамларнинг бирдан-бир айби уларнинг «бошқа томонда» бўлганларидир. Демак, террор бегуноҳ одамларга қарши зўравонликни англатади, уни маънавий жиҳатдан ҳеч қачон оқлаб бўлмайди.

«Ислом» сўзининг маъноси Аллоҳга бўйсуниш, итоатни билдириб, унинг ўзаги тинчлик, сулҳ маъносидан олинган. Аллоҳ таоло ислом ақидасини нозил қилиш билан одамларга бемисл меҳрибончилигини ато қилган, буйруқларига бўйсунганларга тинчлик, осойишталик ва фароғат неъматларини ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида юксак ахлоқ асосларига риоя қилишга, шайтоннинг йўлидан юрмасликка, зулм қилмасликка чақиради:

«Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара, 208).  

Қуръони карим таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир хатти-ҳаракати учун Парвардигори олдида масъулдир, у адолатпарварлик ва раҳм-шафқат кўрсатиши, мусулмон ёки номусулмонлигидан қатъий назар, барча одамларга эзгулик олиб бориши, ожиз ва муҳтож кишиларни асраб-авайлаши ва ҳимоя қилиши, бошқаларни «ер юзида бузғунчилик» қилишдан қайтариши керак. Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бош-бошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлар саналади. Қуръони каримда мусулмонларга шундай хабар берилган:

«Аллоҳ эса бузғунчилик – фасодни севмайди» (Бақара, 205). Ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган одамни ўлдириш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Бундан ташқари мусулмонлар Парвардигорлари олдида бошқа одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга масъулдирлар. Ҳар бир иймонли кишининг бурчи – «ер юзида бузғунчиликка» йўл қўймаслик, дунёда фаровонликва осайишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборат.

Б.Бойматов,
Бағдод тумани “Қўштегирмон” масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close