Савол-жавоб

Тиланчилик қилиб келган аёлга нон ҳам, пул ҳам бермай ҳайдаб юбордим. Мен нотўғри иш қилдимми?

Савол: Ассалому алайкум!
– Уйимизга бир аёл келиб тиланчилик қилди. Мен унга нон олиб чиқиб берсам, аёл: «Менга нон керак эмас, ноним бор, менга пул бер», деди. Жаҳлим чиқиб кетди. Унга нон ҳам, пул ҳам бермай ҳайдаб юбордим. Бунга фикрингизни билмоқчи эдим.

Жавоб: Ва алайкум ассалом!
– Албатта тиланчилик маданий бир ҳолат эмас, ҳар бир миллат учун фахр ҳам эмас. Бу кўнгилни ғаш қиладиган нохуш бир ишдир. Яшаши ниҳоятда қийинлашиб, танг аҳволда қолинганда ўзини ҳалокатдан қутқариш учунгина тиланчилик қилишга шариатда рухсат берилган. Лекин умр бўйи тиланчиликни касб қилиб олиб, ўзи соғ-саломат ҳолатдагилигига қарамай ишламасдан, ҳалол меҳнат қилмасдан, балки меҳнатдан қочиб, бойлик тўплаш учун ёки умуман умрини тиланчилик кетидан ўтказиш учун тиланчиликни ўзига касб қилиб олиш шариатга тўғри келмайдиган нарсадир. Бунга алоҳида эътибор бериш керак.
Афсуски, ҳозирги кунда кўча-йўлларда, масжидлар ичидаю ташида, маҳаллалардаю ва бошқа жойларда ҳам тиланишни одат қилиб олган кимсалар кўпайиб бормоқда. Бунинг устига қопида тўла нони ва чўнтагида пули туриб, кечаю кундуз демай одамларни безовта қилиш, эшигини тақиллатиш, бирор нарса беришни талаб этиш, хиралик билан туриб олиш ҳолатлари ҳам кўп учраяпти.
Буларнинг ҳаммаси шаръан жоиз эмас. Ислом маданиятига тўғри келмайдиган бу ҳолатдан қутулишимизга ҳаракат қилишимиз керак. Албатта ҳаётда қийналиб қолган кишиларга моддий ёрдам бериш – улуғ савобли ишлардан. Лекин садақани уларнинг уйига олиб бориб бериш мумкин. Ўзининг инсонийлик қадриятини йўқотмаган ночор кишилар ҳожати бўлса ҳам уялиб, сўрамай туришади, бермаганингизга қўймай, ортингиздан қолмай хиралик қилишмайди. Садақани бундайларга эмас, ориятли, сўрашга ийманадиган ҳақиқий муҳтожларни топиб бериш савоб бўлади (Аллоҳ билувчидир).

savollar.islom.uz

Калит сўзлар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close