Туркистонда ислом цивилизацияси асносида илм-фан ва маданиятнинг юксалиши

217-220 ҳижрий йилга келиб, Туркистон диёрида фан ва маданият тез суратда ривожланди. Масжид, мадрасалар тараққий этди. Ишлаб чиқариш, тўқмачилик ривож топди. Деҳқончилик гуллаб-яшнади. Бу даврда Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва бошқа шаҳарларда ишланган турли саноат ва тўқмачилик ашёлари тижорат йўли билан минглаб хонликлар ва хорижий давлатларга етказиларди. Давлатни идора қилишлик ва ҳимоя, аскарлик яхши йўлга қўйилган эди.[1]

Аббосийлар даврида илму фан тараққиёти ривожланиб, ҳадис илми, Қуръон ва тафсир илми, фиқҳ (ислом ҳуқуқи), ҳисоб (математика) илми, илми нужум (астраномия), илми ҳандаса (қурилиш), илми жуғрофия, илми тиб (медицина) ва бошқа соҳадаги илимлар жуда ривожланди.  Натижада, Ўрта Осиёда буюк олиму фузалолар етишиб чиқдики, ўша вақтдаги муаррихларини таъкидлашича, илм арабларга нозил бўлган бўлса ҳам, уни туркийлар кашф этди.

Фурсати келганда, олимлик рутбасига етган аждодларимиздан айримлари номини тилга олиш ўринлидир:

Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (Муҳаддислар имоми). Бу зот ўн олти йиллик мусофирликдан сўнг ўз ватани Бухоро шаҳрига қайтиб келади. Буюк ҳадисшунос олим олти юз минг ҳадисни диққат билан текшириб, улар орасидан 7275 ҳадисни ажратиб, ўз мажмуаларига қайд қилганлар.[2]

Имом Муҳаммад ибн Али ал-Қаффол аш-Шоший (Тошкандий). “Усули Фиқҳ” бу кишининг қаламига мансуб машҳур асар бўлиб, ўз замонасида “Мавороуннаҳр имоми” деб ном олган.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий. Бу зот илми калом билан шуҳрат топган ҳанафий мазҳаби уламоларидан. “Мотурид” эса — бу Самарқанд яқинидаги бир қишлоқнинг номи. Машҳур китоблари “Китоб ат-Тавҳид” ва “Авомул-муътазила”. Манбаларга қараганда, 333 ҳижрий йилда вафот этганлар.

Фақиҳ Абулайс Наср ибн Муҳаммад ас-Самарқандий. Имом ал-ҳуда (йўл бошчи имом) номи билан машҳур. “Бўстонул орифин”, “Танбеҳул ғофилин” ва “Қуръони карим” тафсирининг муаллифи. 373 ҳижрий санада вафот этган.

Абу Исо ат-Термизий  “ас-Сунан” ва “аш-Шамоил” китобларининг соҳиби. Бундан ташқари, Фарғона заминидан етишиб чиққан Ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳларидан, “Ҳидоя” асарининг муаллифи, Шайхул-ислом Бурҳиниддин ал-Фарғоний ар-Рошидоний ал-Марғиноний, фақиҳ Шамсиддин Сарахсий ал-Узгандий, Шамсул-аимма (имомлар қуёши) Заҳириддин Марғиноний, нужум (астрономия) ва ҳисоб илмида моҳир бўлган Аҳмад ал-Фарғоний (буларнинг номини ҳали кўплаб давом эттириш мумкин) каби аждодларимиз Туркистонда ислом цивилизацияси ва илм-фан тарақиётини ривож топишида улкан ҳисса қўшганлари маълум ва машҳурдир.

Ислом футаҳоти қисқа муддат ичида оламга кенг тарқалиб, ислом олами вужудга келди. Исломия шарқидан Ҳинд воҳаси, ғарбдан Марокаш ва шимолдан Туркистонгача қамраб олди. Арабларнинг ғайри араблар, яъни юнон, форс, турк, ҳинд, чин (хитой)лар билан қўшилиши янги илмларни кириб келишига йўл очди ва хилма-хил фан мактаблари зоҳир бўла бошлади.

Исломда диний ҳуқуқ (фиқҳ) таълимотнинг аҳамияти катта бўлиб, фиқҳ илмининг асли ўзаги Қуръони карим таълимотининг манбаи бўлиб танилган. Уммавийлар замонасида ҳадис, дин ва ҳуқуқ таълимоти исломий илмга иккинчи манба бўлиб қўшилди. Шунинг учун бу замонда ҳадисларни йиғиб тўплашга ҳаракат бошланди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) замонларида арабларнинг кўпчилиги ўқиш-ёзишни билмаганликлари боис Расулуллоҳнинг ҳадислари оғзаки ривоят бўлар эди. Яна бир сабаб: оят билан ҳадис аралашиб кетмаслиги учун Расулуллоҳнинг тавсиялари билан фақатгина Қуръон оятларигина ёзиларди. Йиллар ўтиши билан ҳадис оғиздан-оғизга ўтиб, силсила бўлиб келди. Юқорида зикри ўтганидек, ҳадисни ривоят қилиб ёзишлик ҳижратнинг II асри охиридан бошланди.

Ана шундай сабаблар боис ҳадис ривоят қилишда кўп чалкашлик юзага келди. Дастлабки муҳаддислардан уммавийлар даврида Абу Бакр Муҳаммад ибн Муслим  Аз-зоҳирий (123 ҳижрий йил) эди. Кейинчалик муҳаддислар сафи кенгайди. Фиқҳ илмига киришган олимлар ана шу ҳадислардан фойдаланар эдилар. Шундай қилиб, фуқаҳолар фиқҳи исломнинг суннат таълимоти ҳимоясида ижод қилдилар. Шундай илмий изланишлар туртки бўлиб, Макка, Мадина, Боғдод ва Дамашқда дастлаб илмий марказлар, кейинчалик мадрасалар ташкил қилинди. Ушбу илмгоҳларда Қуръони карим, ҳадис, ҳуқуқ (фиқҳ) илмлари ўқитила бошлади. Фиқҳ илми ривожланиш асосида фиқҳ олимларининг сони ортиб борар, лекин уларни ўрталарида масала-масоил жиҳатидан жиддий ихтилофлар ҳам юзага келар эди.

Ҳижратнинг II асрида аҳли суннат вал жамоат мазҳаби пайдо бўлиб, бу мазҳаб ҳимоячилари ўта фақиҳ зотлар эдилар. Ислом футуҳоти кенгайиб, турли шаҳар ва минтақаларга етиб боргач, у ер аҳолисининг урф-одатлари ва янги замон талабларини инобатга олиб, шариат қонунлари асосида уларга яраша масала ижтиҳод қилиш зарур бўлар эди. Ҳар бир масалани ижтиҳод қилишда аввал Қуръонга мурожаат қилинар ва ҳадис билан тўлдирилар эди. Лекин аҳли суннатнинг ўзи ҳам тўртга бўлиниб, яна ўша замон фақиҳларидан энг кучлилари сараланиб, ўз минтақаларига мувофиқ фатво билан ўз мазҳабларини ижод қилдилар.

Исломда фиқҳ “рай” ва “қиёс” (фикр ва таққослаш)ни бошқа фуқоҳолардан олдинроқ амалга келтирган киши ҳазрати Абу Ҳанифа (Имом Аъзам) бўлиб, Ироқ фақиҳи эдилар.[3]

Имом Аъзам мазҳаби араб минтақалари билан бир қаторда Ўрта Осиё, жумладан, Туркистонда ҳам кенг тарқалади. Ҳозирги кунда ҳам биз ана шу мазҳаб йўналишидан бормоқдамиз. Имом Аъзам шогирдлари Имом Шофеъ Шофеъия мазҳабининг асосчисидир. Ислом фиқҳи ҳуқуқда тўрт усул манбага суяниб, улар Қуръон, Суннат, Ижмоъ (кўпчиликнинг овози) ва қиёс (таққослаш)дир. Ушбу асос қилиб олинган усулга ҳамма фиқҳ уламолари иттифоқ бўлишган. Шариат қонунига кўра, аҳли сунна вал жамоадаги тўрт танилган мазҳаб фуқаҳолари томонидан фиқҳ китоблари тайин бўлди.

Мусулмонлар диний, ҳуқуқий, жазоий, маданий ва бошқа масалаларни ҳал қилиш учун фиқҳга мурожаат қилишадиган бўлди.

Ислом фиқҳининг Туркистонга кириб келиши, аввало, дини исломнинг таҳлили учун Қурьон, ҳадис, фиқҳ илмлари тез суратда ривожланиши билан бир қаторда фан, адабиёт, санъат ҳам тараққий қилиб, бу соҳаларда янги-янги ихтиролар бутун олами инсониятга ижобий самарасини бера бошлади.

Шу ўринда ўша даврнинг машҳур олими Абу Райҳон Беруний тўғрисида бироз тўхталсак. Исми шарифлари Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний. Ул зот 362 ҳижрий йилда Берун қишлоғида, яна бир ривоятда Урганч шаҳрида туғилган. У ўзининг турли илмий асарлари ва олий мафкураси билан барчани ҳайратга солган. Олим тарих, луғат, фалсафа, тасаввуф, нужум, (юлдизлар), физика, доришунослик, маъданшунослик илмларига оид 190 та асарнинг муаллифидир.[4]

Беруний “Осор ал-боқия анил-корнил холия” (“Ўтмиш давридан қолган ёдгорликлар”) китобида юнон, рум, форс, сўғд, Хоразм, насоро, яҳудийлар ҳамда жоҳилият давридаги арабларнинг урф-одатлари, дини эътиқоди, риёзиёт, жуғрофик тушунчалар тўғрисида ёзма манба ҳамда халқ озаки ижодига оид энг қимматли тарихий маълумотларни баён қилган.

Беруний Ҳиндистонга бориб, ҳинд тилини ўрганиб, ҳинд тарихини ёзган. Ер муҳитининг миқёсини яратиб берилиши араб ислом уламоларининг илмий ёдгорликларига айланган.[5]

X-XI асрда Ўрта Осиёда илмий фаолият давом этди. Бу даврда Абулҳай Кардизийнинг “Зайнул ахбор”, Имом Байҳақийнинг ўттиз жилдли “Тарихи Осорий”, Мажиддин Аднойнинг “Тарихи мулки Туркистон” ва Наршахийнинг “Бухоро тарихи”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғатит-турк” (туркий сўзлар луғати) ва бошқа асарлар яратилган ва уларда ҳужжатли, нодир маълумотлар жамланган.

Туркистондаги муаммоларга қайтадиган бўлсак, бу ердаги бўлинишларга бир неча сабаблар кўрсатилган. Улардан асосийлари форсларнинг аралашуви эканини муаррихлар зикр қилишган.

Ислом тарихидан маълумки, араблар энг аввал форс давлатларини фатҳ қилиб, дастлаб у ерларга исломни етказган. Сўнгра Хуросон, Мовароуннаҳр, яъни Туркистонга кириб келишган. Табиийки, араблар билан бир қаторда форслар ҳам ислом фатҳида қатнашганлар. Амирларнинг баъзилари форслардан бўлиши, қолаверса, араб ва форс тилларининг Марказий Осиёга кириб келиши, сабабли, турк тилини четлатиб қўйилган.

Адабиётлар, мадрасадаги дарслар араб ва форс тилларида бўлар эди. Ҳатто кейинги вақтда, форс тили араб тили қатори баъзи катта шаҳарларда давлат тили қаторига қўшилган ҳам эди.

Собиржон НОРМАТОВ,

Марғилон шаҳридаги “Саид амир Ҳамза” масжиди имом-хатиби

 

[1] Захрул Ислом. Аҳмад Амин. Қоҳира. 1978-йил. Бешинчи нашри.

[2] Доcтор Ҳасан Иброҳим. Қоҳира “Тарихи сиёси ислом”.

[3] Тарихи фиқҳи Ал исломий Жомиҳатул Азҳар.

[4] Саид Мубошир Сулаймон Косоний “Ўрта осиё тарихи”.

[5] Саид Мубошир Сулаймон Косоний “Ўрта осиё тарихи”.

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan