ДолзарбМақолаларСаломатликЎзбекистонЯНГИЛИКЛАР

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги БАЁНОТИга муносабат

Барчага маълумки, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги кенг тарқалди. Ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Юртимизда бу касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ва бир қатор чекловлар жорий этилди.

Бугун ОАВ орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги БАЁНОТИ эълон қилинди. Баёнотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Ислом дини манбалари, Республика махсус комиссияси хулосалари ва тиббиёт мутахассислари тавсияларига таянган ҳолда пандемия шароитида 2020 йилги Қурбон ҳайити – “Ийдул адҳа” намозини ўқиш мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлишини маълум қилинди.

Ҳозирги эпидемик ҳолат мавжудлиги ва одамларнинг ҳаётига хавф сақланиб қолиши сабабли Ийд намозини ҳам жамоат бўлиб ўқиш касалликни кенг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши айтилмоқда.

Бундай вазиятда қуйидаги оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хитоб қилади: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят).

Абу Саъид Худурий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар.

Мўътабар фиқҳий китобларимизда: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, деган қоида бор.

Юқоридаги баён этилганлардан келиб чиқиб, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намози адо этиш соқит бўлади. Қурбон ҳайити куни эса мўмин-мусулмонларга ўз хонадонларида қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилди.

Масжидда жамоат билан намоз ўқиб юрган азиз дингдошларимиз! Сизлар жамоатдан чекланиб, савобидан маҳрум бўлдим, деб маҳзун бўлманглар! Зеро, сизлар бугун жамоатда намоз ўқий олмаётган бўлсангиз-да, унинг савобига эга бўлмоқдасиз. Қандай қилиб дейсизми? Буни оламларга раҳмат Пайғамбар, сўзлари ваҳий бўлган севикли Расулимиз баён этганлар.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон банда касал бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, унга муқим ва соғ ҳолида қилган амалларига ёзилганидек (савоб) ёзилади”, дедилар (Бухорий ривояти).

Уламоларимиз ушбу ва бошқа ҳадислардан хулоса қилиб, ташқи омиллар сабабли жамоатдан қолган кишилар ҳам шундай савобга эга бўладилар, дейдилар.

Демак, масжидларда жамоат намозлари вақтинча тўхтаган бўлса-да, одатда жамоат билан намоз ўқиб юрган намозхонлар уйда намоз ўқиган тақдирда ҳам масжидда жамоат билан ўқиган савобига эга бўладилар. Чунки, уларга монелик бўлмаса, ушбу касалликлар бўлмаса эди, албатта жамоат билан намоз ўқиган бўлар эдилар. Бу ҳам бўлса, динимизнинг одамийлигидандир.

Азиз юртдошлар! Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маъракамаросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишни сўраймиз. Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этишни тавсия этиб қоламиз .

Сиз азиз юртдошларимиздан, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин.

Ҳусниддин ТУРСУНЗОДА,
Фарғона шаҳар “Янги чек” масжиди имом-ноиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close