Ўзбекистонда илк вақф меҳмонхонаси очилди

Сурхондарё вилоятида Ҳаким Термизий зиёратгоҳи яқинида зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида янги меҳмонхонанинг очилиш маросими ўтказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедовлар мазкур қадамжога ташрифлари доирасида вақф меҳмонхонасини очиб бердилар.

Тадбирда шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов ва вилоят бош имом-хатиби Алиакбар Сайфуддинов иштирок этди.

Янги меҳмонхонада зиёратчилар учун барча қулайликларга эга шарт-шароитлар яратилган бўлиб, замонавий услубда жиҳозланганлиги қайд этилди. Мазкур меҳмонхона 70 ўринга эга бўлиб юқори хизмат кўрсатувчи қулайликларга эга люкс ҳамда ярим люкс хоналарни ўз ичига олади. Меҳмонхона ҳудудида 1 та чойхона ва 1 та ресторан мавжуд. Бу эса ҳам дам олувчилар, ҳам йўловчилар учун хоҳлаган вақтда келиб танoвул қилиш имкониятини яратади.

Яна бир жиҳати меҳмонхонанинг Тошкент-Термиз халқаро магистрал трассасанинг ёнида эканлиги. Бу эса Исо Термизий, Султон Саодат, Кампиртепа, Фаёзтепа ҳамда Ҳаким Термизий зиёратгоҳ ва тарихий ёдгорликларига тез фурсатда етиб олиш имконини беради.

Шунингдек? очилиш маросими давомида вилоятдаги 30 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилди.

Меҳмонхонада мусулмон сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир хонага Қуръони карим, жойнамоз қўйилиши ва Қибла кўрсатгичи ўрнатилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, истиқболда меҳмонхонани ҳалол стандартига мос ҳолатга келтириш кўзда тутилган.

Меҳмонхона фаолиятидан келиб тушган маблағлар вақф мулкларини тасарруф этиш ҳамда хайрия мақсадлари учун ишлатилади.

«Вақф» хайрия жамоат фонди ушбу меҳмонхонанинг ташкил этилиши ва фаолиятининг йўлга қўйилишида кўмак кўрсатган саховатпеша ҳомийларга ўз миннатдорлигини билдиради. Қилган эҳсонларингизни Аллоҳ ҳузурида қабул айласин.

«Вақф» хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan