“Ваҳҳобийми” ёки “салафий”

Ҳозирда, Аҳли сунна вал-жамоа мусулмонларини адашув, куфр ва ширкда айблайдиган одамлар ўзларини “салафийлар” деб атайдилар.

Арабистоннинг Нажд ўлкасидаги Бану Тамим қабиласидан бўлган, мелодий 1703-1792 йилларда яшаган Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳобга кўр-кўрона тақлид қилувчи (шу билан бирга Ахли суннанинг тўрт мўътабар мазҳаб имомларига тақлидни залолат деб ҳисобловчи) бу фирқа аъзоларини ҳақли равишда “ваҳҳобий” деб атасангиз, буни рад этиб, улар сизга қуйидагиларни айтишади:

– “Ваҳҳобий” деган атамани кофирлар ўйлаб топишган, бундай тоифа исломда йўқ.

– Ҳеч қачон Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг тарафдорлари ўзини “ваҳҳобий” деб атамаган ва бошқа иддаолар.

Бироқ, мазкур гаплар, бу одамлар ўз фирқаларининг тарихи ва ўз шайхларининг китобларидан умуман хабардор эмаслиги ёки билсалар ҳам ҳақиқатни яширишларига далолат қилади.

Мисол учун, Саудия Арабистонининг яқин ўтмишдаги муфтийси бўлган Ибн Боз «Фатава Нуру алад Дарб» номли китобининг 1 жилд 18 саҳифасида, “ваҳҳобий” атамаси тўғрисидаги саволга жавоб бериб:

فهو لقب معروف شريف وليس بمستنكر

“Бу лақаб (яъни “ваҳҳобийлик”) маъруф ва шарафли лақабдир ва мункар эмасдир” – деган.

Наждлик шайхларнинг фатволари тўпланган таниқли “Ад дурарус-сония фил ажвибатин наждия” тўпламининг бир қатор жойларида “ваҳҳобий” деган атама кўрсатиб ўтилган ва буни нафақат ўзларининг даъватлари, балки тариқат йўли ва ҳатто дини деб ҳам аталган:

  1. Муҳаммад бин Аш-Шайх Абдул-Латиф бин Абдур-Рохман айтади:

قلتم: هؤلاء كفار، هؤلاء مشركون، وليس معهم من الدين شيء، وأنهم يعلمون أنا نبغضهم، وأنا على طريقة الوهابية

“Улар айтидилар: “Улар кофирлар, улар мушриклар ва уларда диндан ҳеч нарса йўқ. Улар биладиларки, мен уларга нисбатан дарғазабман ва мен ваҳҳобийлик тариқатидаман”.

  1. Абдул Латиф бин аш-Шайх Абдур-Рахман бин Хасан айтади:

فأبيتم هذا كله، وقلتم هذا دين الوهابية، ونعم هو ديننا بحمد الله

“Бас, бундан кейин улар жирканган ҳолда айтдилар: “бу ваҳҳобийларнинг динидир”. Ҳа! Аллоҳга ҳамдки, бу (ваҳҳобийлик) бизнинг динимиздир” (Ибнул Қосим ан-Нажди: Ад Дурарус Сания: 8/433, 12/267).

Ушбу китобнинг бошқа жойларида бунга ўхшаш сўзлар кўплаб келган.

Мазкур одамларнинг ҳозирги ворислари айтганидек, “ваҳҳобий” лақаби кофирлар томонидан ўйлаб топилган бўлса ва уни фақат кофирлар ва жоҳиллар истилоҳида ишлатиладиган бўлса, бундан келиб чиқади, улар юқорида кўрсатилган қадимги ва ҳозирги ўз шайхларини ҳам шундай деб ҳисоблашадими?

Албатта, бу саволга улардан жавоб ололмайсиз.

Аслида эса, мана 250 йилдан бери фақатгина мусулмонларга қарши уриш олиб борадиган, мусулмонларни қатли ом қилиш, фитналар ва қирғинбаротларга сабаб бўлган бу фирқани “Ваҳҳобия” деган номи ўзини обрўсизлантириб, “отнинг қашқаси” сингари бўлиб қолганлиги сабабли, унинг номини оқлаш, фирқа даъвати амалга оширилаётган ўзга юртларда билмайдиган одамларни жалб қилиш мақсадида бундан 40-50 йил илгари “салафийлик” деган янги номи ўйлаб топилиб, гўё фақат уларгина исломнинг дастлабки давридаги салафи-солиҳлар йўлида эканлигини даъво қиладилар.

Бу фирқани чиқиши тўғрисида ҳадиси шарифларда аниқ лафзлар билан айтилган бўлиб, мана бу ҳадисларни айнан Ибн Абдул Ваҳҳоб ва уни фирқаси тўғрисида эканлигини Аҳли сунна олимлар айтадилар:

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, мендан кейин менинг умматимдан ёки келажакда мендан кейин менинг умматимдан бир қавм бўлур. Улар Қуръонни қироат қилурлар. Аммо у ҳалқумларидан нари ўтмас. Улар диндан худди ўқ камондан чиққанидек чиқурлар. Сўнгра унга қайтмаслар. Ана ўшалар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир», дедилар» (Муслим ва Абу Довуд ривоят килган).

Ҳамидуллоҳ КАРИМОВ,
Бувайда тумани “Ҳусан қори” масжиди имом- ноиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan