Вакилимиз “Йил имоми – 2016” кўрик танловининг совриндори

Маълумки, диний ходимларнинг касбий маҳоратларини ошириш, илмга бўлган муҳаббатини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёшларга ҳар томонлама ибрат ва намуна қилиб кўрсатиш ҳамда Ватанимиз тинчлиги, халқимиз ҳаёти фаровонлиги, динимиз ривожи йўлида кўрсатаётган хизматларини муносиб тақдирлаш мақсадида юртимизда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ва имом-ноиблар ўртасида ҳар йили “Йил имоми” кўрик танловини ўтказиш анъанага айланган.
“Йил имоми – 2016” кўрик танловининг вилоят босқичида биринчиликни эгаллаган Бағдод туманидаги “Қўштегирмон” жомеъ масжиди имом-хатиби Муҳаммадсапохон Давлатёров жорий йилнинг 8 ноябрь куни ўнинчи маротаба ўтказилган танловнинг Республика босқичида иштирок этиб, фахрли 3-ўринни эгаллади ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг дипломи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Муҳаммадсапохон Давлатёров – 1987 йили Олтиариқ туманида таваллуд топган. (2007-2011й.) Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. 2012 йилдан буён Бағдод туманидаги “Қўштегирмон” жомеъ масжиди имом-хатиби вазифасида хизмат қилмоқда. Оилали, бир қизнинг отаси.
Эслатиб ўтамиз, вилоятимиздан – Қўқон шаҳар “Саодат” масжиди имом-хатиби Қодиров Иброҳимжон (2008 йили 3-ўрин), Риштон тумани бош имом-хатиби Муҳамаднаби Орипов (2010 йили 3-ўрин), Бағдод тумани “Зайд ибн Собит” масжиди имом-хатиби Соҳибжон қори Аҳмедов (2012 йили 3-ўрин) ҳамда Марғилон шаҳар “Робия ҳожи она” масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Файзуллаев (2014 йили 3-ўрин)лар ҳам “Йил имоми” кўрик танловининг Республика босқичида қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаганлар.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоят вакиллиги ҳамда вилоят уламолар кенгаши Бағдод туманидаги “Қўштегирмон” жомеъ масжиди имом-хатиби Муҳаммадсапохон Давлатёров ва ҳозиргача вилоятимиздан ушбу танловнинг Республика босқичида иштирок этган барча имом-хатибларимизни самимий муборакбод этади ҳамда келгуси фаолиятларига муваффақият тилайди.

Вакиллик матбуот хизмати

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan