ЯНГИЛИКЛАР

“Вақф” хайрия жамоат фонди Туркия Диёнат Вақфи фаолияти билан танишмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов ҳамда раҳбар ўринбосари Икром Ахмедовлар Туркия Диёнат Вақфининг 2019 йил 4 октябрдаги расмий таклифига биноан Туркия Диёнат Вақфи фаолияти билан яқиндан танишиш, халқаро тажрибасини ўрганиш ҳамда ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида 4 ноябрь куни Туркия Республикасига хизмат сафарига жўнаб кетди.

Бош директор Меҳмет Саваш Полат бошчилигидаги Туркия Диёнат Вақфи жамоаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбариятини чуқур эҳтиром ила самимий кутиб олишди.

“Вақф” фонди 5 ноябрь куни Туркия Диёнат Вақфи бош қароргоҳида бўлиб, унинг умумий фаолияти, бошқарув тизими, тузилмаси ва бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишди.

Маълумот учун, Туркия Диёнат Вақфи 1975 йил 13 мартда диний соҳага оид хизматларни янада кенгайтириш ҳамда кадрлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Туркия Диёнат Ишлари Бошқармаси раҳбарияти томонидан ташкил этилган бўлиб, ушбу вақф ҳозирги пайтда 1000дан зиёд алоҳида шўъба ва бўлинмалари ёрдами билан жаҳоннинг 145 та мамлакатида таълим, маданият, ижтимоий ҳимоя, хайрия ва диний хизматларни қўллаб – қувватлашга қаратилган лойиҳалар орқали халқаро доирада кенг кўламли инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиб келмоқда.

Вақфлар раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган самимий мулоқотдан сўнг истиқболдаги режалар ҳамда ўзаро манфаатлар лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мақсадида томонлар ўртасида Ҳамкорлик протоколи имзоланди. Протоколда томонлар ҳамкорликда Ислом дини маданияти ва цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар номи билан боғлиқ зиёратгоҳ ва қадамжолари асраб-авайлаш, обод этиш ва зиёратчиларга муносиб шарт-шароит яратиш, диний таълим муассаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, турли хил адабиёт, жиҳозлаш, стипендия дастурлари доирасида талабаларни қўллаб-қувватлаш ва диний-маърифий соҳага оид манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, Қуръони карим маъноларининг таржимаси, тафсири ва бошқа диний адабиёт ва қўлланмаларни таржима қилиш, чоп этиш ва аҳолига бепул тарқатишга, вақф фондлари соҳасига доир мутахассисларни тайёрлаш, ходимларни малакасини ошириш ҳамда турли масалаларда ўзаро тажриба алмашиб туришга келишиб олинди. Шунингдек, томонлар диний бағрикенглик, маданият, зиёрат туризмини ривожлантириш, вақф қонунчилигини шакллантириш ва вақф мулкларини кўпайтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратди.

Сермазмун учрашувга оид хабарлар шу куни Туркия Диёнат Вақфининг турли ижтимоий тармоқларида эълон қилинди. “Вақф” хайрия жамоат фонди Туркия сафари давом этмоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close