Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Ватанни севиш ва уни ҳимоя қилиш, тинчлигига посбон бўлиш –

инсон фарзандининг комиллигини белгиловчи муҳим шартдир.

Абдулла Орипов.

Юртимиз мустақилликка эришгандан буён ўтган давр мобайнида моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди. 1992-йил 14-январь куни мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим воқеа юз берди. Ҳудди мана шу кун Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993-йилдан эътиборан 14-январь юртимизда «Ватан ҳимоячилари куни»- деб эълон қилинди. Бу йил Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топганига 26 йил тўлади. Ҳар қандай мамлакатнинг қудрати, унинг миллий мустақиллиги давлат чегараларининг дахлсизлиги – ўша мамлакат фуқароларининг ўз юртига меҳр-муҳаббатли қилиб тарбияланганликлари ватан мустақиллиги ва юрт ҳимояси учун курашда зарур бўлса, жон фидо қилишга ҳам тайёр бўлишдек олижаноб фазилатларга эга бўлишга боғлиқдир.

Ватан остонадан, инсон яшаб нафас олиб турган юртидан, киндик қони тўкилган хонадон тупроғидан бошланади. Шу боис, инсон фарзанди илк бор нафас олиб, улғайиб вояга етган, она заминга меҳр-муҳаббат ва садоқатда бўлиши, унинг ҳар бир ҳовуч муқаддас тупроғини кўзига тўтиёдек суртиши, унга нисбатан бир умр фарзандлик ҳисси билан яшаши унинг учун ҳам фарз ҳам қарздир. Улуғ мутафаккирлар ва донолар ҳамиша ватанни улуғлаб ардоқлаб келганлар. Бобокалон шоиримиз Алишер Навоий:

Ватан таркини бир нафас айлама.

Яна ранжи ғурбак ҳавас айлама.

дейди.

Озодлик ва эрк учун халқ бахт-саодати йўлида хўрлик ва зулмга қарши курашган буюк ватандошларимиз Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Нажмиддин Кубро сингари миллий халқ қаҳрамонларимиз бизга ифтихор бахш этади. Имом Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур!

Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодиниҳимоя қилиш кабидир.

Бугунги кунда мустақил Она-Ватанимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга тажриба ва маҳоратлари ошиб бораётганлиги барчамизни хурсанд қилади. Халқимиз шаҳдам қадам ташлаб бораётган  имон-эътиқодли, ўз касбига ихлосли аскарларимизга боқиб фахрга тўлади, самимий дуо қилади.

Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган фарзандларимизни, Ватанимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган барча фарзандларимиз ва ака-укаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, тинчлигимизни барқарор ва мустақиллигимизни боқий қилсин.

А.Наимов,

Фарғона вилояти бош имом хатиби ўринбосари

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan