Вилоят бош имом-хатиби фахрий устоз билан учрашди

Маълумки, мелодий сананинг 1 октябри диёримизда «Устоз ва мураббийлар куни» сифатида кенг нишонланиб, бу кунда таълим-тарбия йўлида хизмат қилган устоз ва муаллимларга эҳтиром кўрсатилади. Зеро Аллоҳ таоло Мужодала сурасининг 11-оятида шундай марҳамат қилади:

Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”.

Машҳур “Ҳидоя” асари соҳиби Шайх-ул-Ислом Бурҳониддин Марғилоний ҳазратлари ҳикоя қиладилар:
Бухоронинг буюк имомларидан бири, дарс мажлисида ўтирганларида, дарс орасида баъзан туриб ўтирар экан. Шу ҳақда ундан сўрашибди. Ул зот: “Устозимнинг ўғли болалар билан кўчада ўйнаб юрибди. Аҳён-аҳёнда масжид эшигига келиб кетар эди. Уни ҳар кўрганимда устозимнинг таъзими учун унга ўрнимдан турар эдим”, дебдилар”.

Мазкур сана арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров узоқ йиллар давомида ватан, дин ва халқ хизматида фидоий бўлган, фахрий устоз Абдували домла Ҳафизов билан учрашди. Учрашув давомида вилоят бош имом-хатиби домланинг йиллар давомида дин йўлида олиб борган хизматлари эътироф этаркан:

«Жаноби Пайғамбаримиз: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” дея марҳамат қилганлар. Бу устозлар қийин вақтларда хизмат қилишди. Улар кўп ишларни бошдан кечирдилар. Шундай бўлсада, доимо хизматдан бош тортмадилар. Дарҳақиқат, биз улардан ибрат олишимиз керак», – дея қайд этди.

Маълумот учун:

Абдували домла Ҳафизов – 1955 йили Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида таваллуд топган. 1975-1980 йиллар давомида Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. 1980 йилдан Фарғона шаҳридаги «Янги чек» масжиди, 1991 йилда эса Фарғона шаҳар бош имом-хатиби вазифасига тайинланган ҳамда 2016 йилга қадар шу вазифада хизмат қилган.

Вакиллик матбуот хизмати

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan