Вилоят бош имом-хатиби жойларда сайёр учрашувлар ўтказмоқда

Бугун имом-хатиблар зиммасидаги масъулият ва вазифалар ҳар қачонгидан ҳам талайгина. Шундай экан, ҳар бир имом ўз устида мунтазам ишлаши, доимий равишда китоб мутолааси билан ошно бўлиши лозим. Чунки халқимиз ҳам аввалгидан кўра илмли, китоб ўқийдиган, айниқса, диний масалаларни билашга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бу эса нафақат имом-хатиб, балки масжид ходимларини бирдек ҳамжиҳат бўлиб ишлаш, бир-бирига суянчиқ бўлишини тақозо этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров имом-хатиблар, масжид ходимлари ҳамда масжидлар фаолияти билан яқиндан танишиш, диний соҳадаги фаолият самарадорлигини ошириш, соҳа ходимлари олдида турган муаммоли масалаларга биргаликда ечим излаш, халқ билан яқиндан мулоқот қилиш мақсадида жойларда сайёр учрашувлар ўтказмоқда.

Айни вақтда диний соҳа ходимлари, хусусан, имом-хатиблар ва масжид мутасаддилари зиммасига юклаётган масъулиятлар барчани ўз устида мунтазам ишлаш лозимлигини кўрсатмоқда. Қироат, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи ва ақоидга оид китоблар доимо имомнинг дўстига айланиши, шу билан бирга ҳар бир воиз ижтимоий-сиёсий жараёнлардан ҳам доимо хабардор бўлиб, халққа соф Ислом таълимотларини содда ва равон тарзда етказиб бориши лозим эканига алоҳида урғу берилди.

Ана шундай долзарб масалаларни ўзида мужассам қилган учрашувлар кеча 1 август санасида Учкўприк, Бувайда, Бағдод, Риштон туманларида, бугун эса Марғилон, Фарғона, Қувасой шаҳарлари ҳамда Қўштепа туманида ўтказилди.

Ушбу учрашувлар жойларда давом этмоқда.

Вакиллик матбуот хизмати

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan