Вилоятимиз зиёратчилари Умра амалларини адо этмоқдалар

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг” (Бақара сураси 196-оят) деб умрани ҳажга қўшиб зикр қилган. Бу ҳам бўлса, умра зиёратининг қанчалар улуғ ибодат эканлигига ёрқин далил бўла олади.

Умра луғатда “зиёрат” ва “ободлик” маъноларини билдиради. Ислом шариатида эса Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо билан Марва ўртасида саъй қилиб бажариладиган махсус зиёратга айтилади.

Юқоридаги оятда Аллоҳ таоло ҳаж ва умранинг фарзларини, шартларини тугал, бенуқсон қилиб, Аллоҳ учун адо этишга амр қилмоқда.

Дарҳақиқат, ушбу фармони илоҳийни бекаму кўст бажаришлари учун истиқлолнинг аввалиги йилларидаёқ давлатимиз томонидан мўмин-мусулмон юртдошларимизга улуғ ибодатни адо этишлари учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратиб келинмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жорий йилдан эътиборан юртимиздан муборак Умра зиёратига борувчи мўмин-мусулмонларнинг сони борасидаги чекловлар олиб ташланганлиги, Умра ибодатига борувчилар энди аввалгидек фақат йилнинг баҳор фаслида ёки Рамазон ойидагина эмас, балки бутун йил давомида Умра ибодатларига боришлари мумкин бўлди.

Ушбу берилган имкониятлардан фойдаланган Фарғоналик бир гуруҳ юртдошларимиз ҳам бугунги кунда Аллоҳ таолонинг меҳмони бўлиб, Мадинаи Мунавварада Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в)нинг Равзаи мутоҳҳараларида зиёрат ва ибодатларда бўлмоқда. Шунингдек, Зиёратчиларимиз “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари, Уҳуд тоғи каби муборак жойлар зиёратларида ҳам бўлишмоқда.

Ушбу муқаддас жойларда малакали гуруҳ раҳбарлари (элликбошилар) томонидан зиёратчиларга Ислом дини тарихидаги ибратли воқеаларни етказилиб, дуои-хайрларда ҳам жам бўлмоқдалар.

Маккаи Мукаррамада эса, оппоқ эҳромлар ила муборак Умра амалларини бажариб, муқаддас Каъбаи Муаззамада ибодатларда қоим бўлмоқдалар.

Бу муқаддас жойда Раҳмат тоғи (Арофот), Нур тоғидаги Ҳиро ғори, Савр тоғидаги ғор ва динимиз тарихидаги диққатга сазовор бўлган масканларни ҳам зиёрат қилмоқдалар.

Вилоятимиздан борган зиёратчиларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиромдан жуда мамнун эканлигини уларнинг кўзларидан кўриш мумкин.

Улар доимо ибодатларида, дуоларида Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар, кўлга киритилаётган ютуқлар, халқнинг ғамини ҳамма нарсадан устун қўйиши оқибатида муборак зиёратларнинг яхши шароитларда ташкил қилинаётганлигидан хурсанд бўлиб, дуои-хайрлар қилмоқдалар.

27 йиллик тарихга эга истиқлолимиз шарофати билан умра амалларини адо этиш йўлида мол-дунё сарфлаб, довонлар ошиб, муқаддас диёр — Маккаи мукаррамада Каъбаи муаззамани тавоф қилиш бахтига муваффақ бўлган азиз юртдошларимизни жонажон Ватанига, ота-она, фарзандлари бағрига соғ-саломат қайтишларини Аллоҳ таолодан сўраб, Яратган зиёратингизни қабул этиб, гуноҳларингизни мағфират айласин, деб қолгаймиз.

Ҳусниддин ТУНСУНЗОДА,
Вакиллик матбуот хизмати

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan