Ислом ва иймонЯНГИЛИКЛАР

“Хатми Қуръон” қандай амал?

“Хатм” тугатиш, якунлаш деган маънони билдиради. “Хатми Қуръон” деганда Қуръон каримни бошдан-охир тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Бирорта сура ёки оят ташлаб кетилса, том маънода хатм ҳисобланмайди. Шунингдек, Қуръонни ўзи нозил бўлган тилда – араб тилида ўқиб чиқилганда-гина, Хатми Қуръон қилинган ҳисобланади, таржима ё тафсирини ўқиб чиқиш, гарчи буюк ажру савобларга эга бўлган амал бўлса-да, хатми Қуръон саналмайди. Чунки Қуръоннинг маъноси ҳам, лафзи ҳам Аллоҳ таолодан. Уни бошқа тилга ўгирилганда маъноси ифода топса ҳам, лафзи ўзгаради, бузилади ва Қуръонлиги йўқолади.

Хатми Қуръон қилиш суннат амалдир. Қуръон каримни умуман ўқимаслик, уни беэътибор ташлаб қўйиш, энг катта гуноҳлардан бўлиб, у “Қуръонни ҳажр қилиш” дейилади. Бу гуноҳдан омонда бўлиш учун Қуръонни хатм қилиб туриш керак бўлади. Аллоҳ таоло Фурқон сурасида шундай марҳамат қилади:

“Яна Расул: “Эй Роббим, албатта, менинг қавмим ушбу Қуръонни ҳажр этдилар”, деди” (30-оят).

“Ҳажр” бир нарсани тарк этиш, бепарво ташлаб қўйиш, юз ўгириш, яккалаш маъноларини англатади. Оятнинг зоҳири маъносида мушрикларнинг Қуръонга қулоқ тутмай ундан юз ўгирганлари назарда тутилган бўлса-да, унинг мазмунини қироат имомлари кенгроқ тушунишади.

Айрим уламолар бундай дейди: “Қуръонни ҳажр қилиш беш хил бўлади:

  1. Уни тинглашни ва ўқишни ташлаш;
  2. Унга амал қилишни ташлаш, ҳалол-ҳаром хақидаги ҳукмларга эътибор бермаслик;
  3. Эътиқод ва амалда уни ҳакам қилмаслик;
  4. Уни тадаббур қилишга, фаҳмлашга қунт қилмаслик;
  5. Қалбий ва жисмоний касалликларда ундан даво изламаслик”.

Ушбу ҳажр турларининг барчаси мазкур оят остига киради, гарчи уларнинг гуноҳи бошқасиникидан енгилроқ бўлса ҳам. Ҳажрнинг кейинги тўрт тури Қуръони каримнинг маъноларини тушунишни ҳаракат қилишни ҳам тақазо этади. Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири бўлмиш “Фатовои Ҳиндия” номли асарда: “Ким Қуръонни йилда бир марта хатм қилиб турса, Қуръонни ҳажр қилган бўлмайди”, дейилган. “Қуръонни хатм қилиш” деганда Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Қуръонни бир четдан тўлиқ эшитиб чиққан киши ҳам хатм қилганлик савобига эга бўлса-да, уни хатм қилди, дейилмайди.

“Хатми Қуръонга марҳабо” китобидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close