ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ – ИНСОНИЙ БУРЧ

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга оламиз.

Бу ўриндаги хотира ва қадрлаш сўзларига бир оз тўхталиб ўтайлик.

Хотира бу юқорида айтиб ўтганимиздек ватан учун жон фидо қилиб кетган мард инсонларни ёд этиш, уларни рухларини шод этиш мақсадида дуолар қилиб эслашимиз тушунилади. Қадрлаш деганда эса ўша дахшатли кунларда ватани учун борини берган ва омон қолиб юртимизга қайтиб келган ҳамда ҳозирда ҳаёт бўлиб, бизларни дуогўйларимиз бўлиб юрган отахон ва онахонларимизни қадрлашимиз уларга мехр-мурувват кўрсатишимиздир.

Биз ўтганларни махсус бир кунда, айни 9 майда хотиралашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим, ҳар куни,  ҳар лаҳзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб, улардан намуналар оламиз.

Муқаддас ислом динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш хайрли амаллардан ҳисобаланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги инсонийлик бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Хашр” сурасининг 10-оятида  айтади:

“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”

Демак, имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтмоғимиз, шунингдек, ўтиб кетган кишилар ортларида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганларнинг дуоларидан умидвор бўлишлари ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ё инисидан ё дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир”, дедилар”.(Байҳақий ривояти)

Иккинчи жаҳон уришида Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, жонажон Ўзбекистонимизда ўша пайтда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, шунинг 1,5 миллиондан кўпроғи урушда қатнашганининг ўзи, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, барча эркаклар, мардларимиз қўлига қурол олиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириб, уларнинг яхшиликларини ҳамиша, ҳар доим ёдда тутамиз, зеро, “Ўтмишсиз келажак йўқ” деб бежизга айтилмаган.

Шунингдек, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.

Дарҳақиқат, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик ва кундан кунга гўзаллашиб бораётган диёримиз жамолидан, бугунги янгиланишлардан кишининг кўзи қувонади, дили яйрайди. Алатта, буларнинг барчаси энг аввало юртимизда хукм сураётган тинчлик шарофатидандир.

Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида давлатимиз томонидан уруш қатнашчиларига ғамхўрлик кўрсатилиб, уларни рағбатлантириш тўғрисида Фармон қабул қилинади. Бу йил ҳам сафимизда юрган мингдан зиёдроқ фахрийларга муносиб ҳурмат кўрсатилди. Гап фақат моддий рағбатда эмас. Асосийси, эътибор ва қадрлашдадир. Ушбу тинчлигимиз сабабчилари бўлган  иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини уйларига бориб, ҳолларидан хабар олиб, байрам билан табриклашимиз, кўнгилларини кўтариб, уларга моддий ва маънавий кўмак беришимиз билан уларнинг дуоларини олишимиз барчамизнинг бурчимиздир.

Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат айласин, ҳаёт бўлган, ёши кекса отахон-онахонларимизни қадрига етиб юрайлик, фаровон ҳаёт ато этиб, ўзининг тўғри йўлига бошлаб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!

Жўрабек Раҳмонов,

Фарғона шаҳар бош имом-хатиби

Тавсия этамиз

Leave a Comment