“Худо хоҳласа, яхшиликка!”

Бир подшоҳнинг вазири бўлиб, у ҳар бир ишда Аллоҳга таваккул қилар, қандай ҳодиса содир бўлса ҳам “Худо хоҳласа, яхшиликка” дер эди.

Кунларнинг бирида подшоҳ бармоғини кесиб олди. Табиийки бармоғидан   қон оқди. Вазир эса у ҳолатни кўриб: “Худо хоҳласа, яхшиликка”, деди. Вазирни сўзидан ғазабланган подшоҳ эса: Қўлим кесилиб қон оқса-ю, қанақасига яхшиликка”, деди-да, соқчиларига “Бу вазирни зиндонга ташланг” деб буйруқ берди. Вазир эса одатдагидек “Худо хоҳласа яхшиликка” деганича зиндонга қараб йўл олди.

Подшоҳнинг ҳар жума ўрмонга ов қилгани чиқадиган одати бор эди. Одатига кўра, жума куни ўрмонга овга чиқди ва бир ҳайвоннинг ортидан қувганча ёлғиз ўзи соқчиларсиз ўрмон ўртасида адашиб қолди. Ўрмонда эса бутга ибодат қиладиган бир қабила бўлиб, ўша куни у қабиланинг қурбонлик қиладиган куни, шу сабаб, қабила сардори қўл остидагиларга ўрмонда учраган биринчи жонзотни қурбонлик учун тутиб келишни ҳамда қурбонлик учун тутилган жонзодни шикастланган, нуқсонли жойи бўлмаслигини тайинланганди.

Тасодифни қарангки, подшоҳ уларнинг қўлларига тушиб қолди. Оёқ қўллари боғлаган подшоҳни қурбонлик майдонига келтириб қарасалар подшоҳнинг бир бормоғи кесилганди. “Бармоғи кесилганни қурбонлик қилиб бўлмайди” дея қабила сардори подшоҳни қўйиб юборди. Шу онда подшоҳ вазирнинг “Худо хоҳласа, яхшиликка” деган сўзини эслаганча, шошиб саройга келди-ю, вазирни зиндондан олиб келишларига буйруқ қилди.

Вазирни олиб келинганда подшоҳ ундан узр сўраганча воқеани айтиб: “Бармоғимнинг кесилгани сен айтгандай яхшиликка бўлди. Бироқ сени зиндонга ташлашни буюрган вақтимда ҳам “Худо хоҳласа, яхшиликка” деган гапингни нимаси яхшиликка эди”  дея сўради.

Вазир эса: “Мен сизни вазирингизман сиз билан доим биргаман, агар мени зиндонга ташламаганизда эди, мен сиз билан доимгидек ўрмонга борган бўлардим ва ўша қабилага учраган вақтимизда улар бизни тутиб олиб мени ҳеч қаерим кесилмаганини кўргач, сизни ўрнингизга мени қурбонлик қилишган бўлар эди. Шунинг учун мени зиндонбанд бўлишим мен учун яхшиликка бўлди” дея жавоб берди.

Қиссадан ҳисса шуки, Аллоҳнинг ҳар бир ишида бир ҳикмат, яхшилик бор. Биз қандай ҳолатда бўлмайлик, ҳаётимизда учраётган ҳодисаларни яхшиликка умид қилиб, доимо “Худо хоҳласа, яхшиликка” дейишга одатланайлик.

Жалолиддин МАМАТҚУЛОВ,
Учкўприк тумани “Шоҳ Муқаддам” масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan