«Хуш келмаган меҳмон»

Солиҳлардан бирлари шундай ҳикоя қилади: «Бир куни сафарда юрганимда, йўлдан адашдим. Қарасам, кенг саҳрода бир уй турибди. Олдига бордим. У ерда бир аёл бор экан. Мени кўрган заҳоти: «Кимсиз?» деб сўради. Мен: «Меҳмонман», дедим. «Хуш келибсиз, меҳмон. Қани, уйга марҳамат қилинг», деди.

Уйига кириб ўтирдим. Келтирган таомини едим, олиб келган сувини ичдим. Бир маҳал ўша ерда ўтирсам, олдимга уйнинг соҳиби келди. Хотинидан: «Ким бу?» деб сўради. Аёл: «Меҳмон», деб жавоб берди. «Хуш келмабди бу меҳмон», деди эри. Унинг гапини эшитган заҳотим, дарҳол уловимга миниб, йўлимда давом этдим.

Эртаси куни кенг саҳрода яна бир уй кўрдим. Олдига борсам, у ерда ҳам бир аёл бор экан. Мени кўриб: «Кимсиз?» деб сўради. Мен: «Меҳмонман», дедим. Шунда аёл: «Хуш келмабсиз, меҳмон», деди. У менга гапириб турганда, уйнинг соҳиби келиб қолди. Мени кўриб: «Кимсиз?» деди. Мен: «Меҳмонман», дедим. У киши дарҳол: «Хуш келибсиз, меҳмон. Қани, уйга марҳамат қилинг», деди. Кейин олдимга ширин таом олиб келди, таомни тановул қилдим. Сув келтирди, сувни ҳам ичдим. Кеча бўлиб ўтган воқеани эслаб, табассум қилдим. Уй эгаси: «Нимага табассум қиляпсиз?» деб сўради. Кечаги аёл ва унинг эри билан бўлган воқеани айтиб бердим. Шунда мезбон: «Ҳайрон бўлманг! Ўша кечаги аёл менинг синглим. Унинг эри эса, аёлимнинг акаси. Киши ўзининг аҳлидан нусха олади», деди».

«Солиҳлар ҳаётидан минг бир қисса»

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan