Янги пайдо бўлган бидъатчилар

Ислом дини буюк ва покиза динки, ўзига эътиқод қилган ҳар бир инсонни жаҳолат батқоғидан маърифат нурига олиб чиқади. Бу ҳолат қачонки инсон ҳидоят йўлини тутгандагина бўлади. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳиссаломнинг “Менинг умматим 73 та фирқага бўлиниб кетади, шулардан фақатгина биттаси нажот топувчи фирқа бўлади. Мана шу нажот топадиган фирқа менинг суннатимни маҳкам тутган – Аҳли суннат вал Жамоатдир” деган мазмундаги ҳадисида  баён қилган нажот йўлини топсагина  инсон бахту  саодатга эришади.

Динимизни танитаётган бугунги матбуотлар ва ахборот тарқатувчи воситалар ёрдамида ҳар қандай мушкул саволларни ечимини топишга имконият катта бўла туриб, баъзи бир етарли илмга эга бўлмаган, ҳаттоки, чуқур исломий ва арабий саводи йўқ кишилар, мустаҳкам манбага асосланмаган, юзаки асосларга суяниб, ҳеч бир масъулият, гуноҳни ўйламай, сўралган саволга жавоб берадиган бўлиб қолганликлари ачинарли бир ҳолатдир.

Мана шундай ислом динида ҳар хил хурофотлар камлик қилгандек, яқинда янгидан бир адашган фирқа пайдо бўлган. Бу хурофотчилар ҳеч бир мусулмон кишининг ақлига келмаган ибодатни ўйлаб топиб, фаросатли инсон қилмайдиган ишларни қилмоқда. Бу жамоа Аллоҳ таолонинг буюк Қуръонини Шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг ўзбекча изоҳли таржимасини ўзларига таълимот сифатида қабул қилиб олганлар. Мана шу китобга ҳеч қандай манбаларни аралаштирмасдан, Қуръоннинг аслига эса ҳеч қандай мурожаат қилмасдан, ўз билганларича ибодат амалларини бажара бошладилар.

Мана шундай кишиларнинг қиладиган ибодатларининг кўриниши тўғрисида қисқача маълумот топишга ҳаракат қилдик.

Аслида бу тоифадаги инсонларнинг аксари Фарғона водийсида пайдо бўлган бўлиб, секин-аста бошқа вилоятларга ҳам тарқалмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилоятида ҳам ҳозирги пайтда бор эканлиги айтилмоқда.

Бу бидъатчиларнинг қиладиган ибодатлари, қироатларини ва бошқа амалларини ўрганиш асносида баъзи маълумотларни олишга ҳаракат қилдик.

Уларнинг таҳоратида тартиб йўқлиги. Қолаверса, ғусл қилиб покланиши тўғрисида ҳеч ким билмас экан, ғусл қиладими ёки йўқми, буниси бизга қоронғу.

Сочларини элкаларига тушуриб, кир ҳолатда юрариши, намозга турганларида ўзбекча ният қилиб, барча ўқийдиган сўзларини ўзбекча айтиши, буларнинг намозлари эса, қиёмда қўлини боғламасдан фақатгина рукуъ билан саждадан иборат экани маълум бўлди.

Баъзи маълумотларга қараганда, улар ўзларини “Маърифатчилар” дея аташар экан. Бундан ташқари, маърифатчиларнинг бошқа фирқалардан ажралиб турадиган жиҳатларидан яна бири, ўз тарофдорларидан бошқа бирор киши билан қўл бериб кўришмайдилар.

Уларнинг бирортасининг танасига оддий тикан кириб, унга озор берса ҳам, уни олиб ташламас экан. Бунга сабаб уларнинг эътиқод қилишича, ҳар қандай мусибат Аллоҳ тарафидан бўлади. Шундай экан, албатта унинг ўзи бу зарарни кетказади?!

Шундай воқеалардан бири ҳақида менга сўзлаб беришди. Маърифатчилардан бирининг қўлига ёғоч синиқларидан кичкина бир бўлаги кириб кетибди. У  одам  бунга  эътибор  қилмасдан  бир  неча  кун ўтиб, қўли шишиб кетган. Шунда унинг қариндошлари келиб, бу тиканни олиб ташлашни таклиф қилсалар кўнмасдан – Худонинг изни билан кирган нарса, унинг изни билан чиқади – дея кўнмаган. Унинг ҳолати оғирлашганини кўрган қариндошлари мажбуран уни табибга олиб бориб, тиканни олдириб ташлаттирганлар.

Шунга ўхшаш бошқа хислатлари ҳам мавжуд бўлиб, улардан яна бири, бошқалар пиширган таомни емас эканлар. Ҳаттоки хотини пиширган бўлса ҳам. Сигирни ўзи соғар ва фақат ўзи пишириб, ўзи ер экан.

Агар қўни-қўшнилари ва қариндош-уруғлари тўй қилиб ёки бирор маърака ўтказиб, уни таклиф қилса бормас экан.

Мана шундай маърифатчилардан бирининг балоғатга етмаган фарзанди вафот этибди. Барча қариндошлар йиғилиб, уни кўммоқчи бўлсалар, У одам қариндошларига қўшилмасдан – Худо берганини ўзи олди – дея маъракага қўшилмай, уйдан чиқиб кетибди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай адашган фирқалардан ўзи асрасин ва бу адашганларни ҳам ўзининг ҳидоят йўлига бошласин. Агар булар даъво қилаётгандек, ҳар бир миллатга ўзининг тилида оятларини нозил қилганда, ер юзида бир-бирини инкор қилувчи 250 дан ортиқ дин ва эътиқодга бўлиниб кетган бўлар эди. Асли ғояси битта бўлган Ислом динининг ўзида 14 асрдан бери қанчадан-қанча бўлинишлар, хизблар ва гуруҳлар пайдо бўлди. Буларнинг барчаси ботил йўл устидадирлар. Фақат Аллоҳ буюрган ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам иршод қилган сиротал-мустақимда бўлган инсонларгина бундан мустаснодирлар. Барчамизни мана шу тўғри йўлдан адаштирмасин.

Шерзоджон АҲМЕДОВ,

Данғара тумани “Муҳаммад Саидхўжа” масжиди имом-хатиби 

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan