Етим қизнинг дуоси

Ўрта Осиёда Ҳожи Мавлавий – Ҳиндистоний номи билан машҳур Мавлоно Муҳаммаджон Хўқандий (1892-1989) талабалик пайтлари мазкур Шоҳимардон зиёратгоҳига чиққанлари ва у ерда ўзлари билан рўй берган ажиб воқеани шундай эслаган эдилар:

“Ёшлигимда илмга ҳарис (иштиёқманд) эдим. Рамазондан илгари бир ой такрори Қуръон қилмоқ учун Шоҳимардонга борар эдим. У вақтларда арава билан одамлар зиёратга борар эдилар. Менда йўл кирага пул йўқлиги учун, ночор пиёда борар эдим. Бир мартаба кавушимни ечиб, халтага солиб, ялангоёқ юрдим. Сабаби, кавшим йиртилиб қолса, бозордан янги олиш қийин, пул йўқ, камбағалчилик… Хулласи калом (қисқаси), Шоҳимардонга етиб бордим. Ул жойда бир ой Қуръон такрор қилиб турдим…

Ҳовузнинг олдида нон сотувчи қизлар нонларини зиёратчиларга сотиб, асрда уйларига кетар эдилар. Бир куни бир қиз уйига кетмай ҳовузнинг олдида йиғлаб ўтирибди. Мен олдига бориб сўрадим:
– Нимага йиғлайсан?

У қиз айтдики:
– Эртадан кечгача сотган нонимнинг пулини ушбу ҳовузга тушириб юбордим. Энди мени уриб ўлдирадилар. Онам ўгай, ўзимни онам ўлиб кетган.

Менинг раҳмим келди. Бечора етим экан. Сўрадим:
– Қандай ва қаерда тушурдинг? Қиз айтдики:
– Ҳамма пулимни ҳамёнга солган эдим. Ўйнаб ўтируб, тушуруб юбордим.
– Қайси жойга тушурдинг, менга кўрсат? – дедим. Қиз тушган жойни кўрсатди. Мен кўйлакларимни чиқариб, ҳовузга ўзимни ташладим. Истаб юриб, охири ҳамённи топиб бердим. Етим қизнинг хурсандлиги бениҳоят эди. Мен айтдим:
– Сен мени, “Худо сизга илм берсун”, деб дуо қилгин.

Қиз менинг таълим беришимга мувофиқ, қиблага қараб туриб дуо қилди. Бу менинг учун ажойиб ҳодиса бўлди. Илгари фаҳмим олмасдан кўп қийналар эдим. Ушбу фурсатдан кейин фаҳмим яхши бўлиб, ҳатто шерикларимга ҳам муколима (бирга такрор қилиш) қилиб берар эдим. Бу етимнинг дуоси зое кетмади”.

«Марғилон алломалари» китобидан

Ижтимоий тармоқларда улашинг!!!

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan