Ёлғиз Парвардигор!

Машойихлар демиш дунё бир экинзор,
Ҳосил йиғиб, бир кун ташлаб кетмоғинг бор,
Ким элтади сара гуллар, кимлардир хор,
Қиёматнинг дашти, билгил, улкан бозор,
Харидоринг бўлгай ёлғиз Парвардигор.

Боғ яратсанг, фано ҳамда бақо обод,
Мевасидан юзинг ёруғ, кўнгиллар шод,
Заррача ҳам заҳматингни этмас барбод,
Қиёматнинг дашти, билгил, улкан бозор,
Харидоринг бўлгай ёлғиз Парвардигор.

Қўлда дунё амалидан битик – нишон,
Чор тарафдан мезон сари оқар инсон,
Бари ошкор, қолмас унда ҳеч сир пинҳон,
Қиёматнинг дашти, билгил, улкан бозор,
Харидоринг бўлгай ёлғиз Парвардигор.

Иш бермагай унда мақтов, тилда болинг,
Дунё учун топган мансаб, обрў, молинг,
Ғурурингдан қолмас зарра – забун ҳолинг,
Қиёматнинг дашти, билгил, улкан бозор,
Харидоринг бўлгай ёлғиз Парвардигор.

Толиб, дунё бозоридан дунё олма,
Иймон буюк, ўзгасига назар солма,
Бунда қочиб ўтдан, унда ўтда қолма,
Қиёматнинг дашти, билгил, улкан бозор,
Харидоринг бўлгай ёлғиз Парвардигор.

Толибжон Рўзибоев

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan