Ёшларни ўрмимчак тўридан асрайлик

Замон ўзгаришлиги билан инсонлар ҳам замонга мослашиб ўзгариб бораверади. Биз хоҳлаймизми ёки йўқми ҳар бир ишимизда ижтимоий тармоқ орқали бирор бир ахборот олишга мажбур бўлмоқдамиз. Хозирги вақтда интернет орқали ахборот тармоқлари кенг ривожланаётган замонда яшаяпмиз. Тараққиётга интилаётган ёшларимиз турли хил маълумотларни ўқиб-билиш имкониятига эга бўляптилар. Аммо шу ахборотлардан лоқайдлик билан кўр-кўрона фойдаланиш натижасида ўзлари билмаган ҳолда адашиб нотўғри экстремистик оқимларнинг алдовларига ишониб қолмоқдалар. Ваҳоланки, ҳушёр ва огоҳ бўлиш талаб қилинаётган бу даврда  турли хил ахборотларни ўқиб, уни таҳлил қилиб, натижасини ўйлаб унга киришиш лозимдир. Интернетда ҳар хил асоссиз ахборотлар, инсонлар онгига жуда салбий таъсир кўрсатадиган, тубсиз жарга ҳам олиб борадиган маълумотлар бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан нашр этилган “Интернетга ин қурган ўргимчаклар” китобида ахборот хуружларини олдини олишда қуйидаги тавсиясини айтиш ўринли:

“Ёшларнинг билимини ошириш, уларда воқеа-ҳодисалар моҳиятини таҳлил қилиш малакасини шакллантириш. Токи ўзлари оқни қорадан ажратиб олиш имкониятига эга бўлсинлар”.

Ёшларимиз компьютер, интернетга кириб уни бошқаришни шунчалик уддалайдиларки, компьютер ўйинларини айтмаса ҳам бўлаверади. Шунинг учун интернет тармоғидаги террор, экстремизм, мутаассибликка даъват қилувчи ахборотларни тез таҳлил қилиб, оқни қорадан ажратувчи бўлиши керак. Муқаддас динимиз инсонларни доимо тўғриликка, аҳил-иноқ, бир-бири билан яхши муомалада бўлишга чорлаб келади. Интернетга ўрнашиб олиб, ахборот тарқатаётганларнинг сўзлари ёлғон, бузғунчилик, душманликдан иборат бўлиб, билимсиз ёшларни худди “Ўргимчак тўрига” илинган ҳашорот каби хоҳлаган йўлига солади. Шундан билинадики, уларнинг йўллари нотўғридир. Ҳамма халқнинг ўз йўли бўлгани каби, бизнинг ҳам ўз тараққиёт йўлимиз, йўналишимиз бор. Шундай экан, Яратгандан фақатгина ўзининг тўғри йўлидан оғишмай боришликни сўраб қолайлик!

Асқаржон ТОЛИБЖОНОВ,
Данғара тумани “Орзиқул Бува” масжиди имом-хатиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan