Жаҳолатга қарши - маърифат!Мақолалар

Ёшларни ёт ғоялардан асрайлик

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, уларнинг улуғ аждодларимизга муносиб ворислар бўлиши учун барча имкониятлар ташкил этиб келинмоқда. Юртимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган муҳташам таълим муассасалари, спорт иншоотлари ва бошқа имкониятларнинг барчаси ёшларимизнинг жисмонан соғлом, маънавий юксак бўлиб камол топишига қаратилган. Бунга жавобан ёшларимиз эришаётган ютуқлар ҳам оз эмас. Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги кунда глобаллашув шароитида маънавий таҳдидлар кучайиб бораётганига ҳам эътибор қаратиш лозим. Улар биринчи навбатда ёшларни ўз домига тортишга қаратилган.

Ҳозирги глобаллашув шароитида дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан ёшларни ҳимоя қилиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшлар онгини ёт ғоялар таъсиридан асраш, ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, гиёҳвандлик, диний экстремизм ва терроризм иллатларининг олдини олишга кўмаклашиш ҳамда ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш лозим.

Ахборот глобаллашуви туфайли турли мафкуравий таъсирлар, айниқса, ёшлар тафаккурини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайган бугунги даврда бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Юртимизда ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри шакллантириш, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, онгу тафаккурини юксалтириш маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан биридир.

Глобаллашувнинг ёшлар тарбиясига ўтказаётган салбий таъсири қуйидагиларда намоён бўлмоқда:

Биринчидан, информацион воситаларнинг юксак ривожланиши натижасида интернет, уяли телефон, телекоммуникациялар ва турли ахборот нашрларининг кириб келиши. Бу воситалар орқали таклиф этилаётган “қадриятлар” кўп ҳолларда ёшларимизни ўзимизнинг миллий қадриятларимиздан узоқлаштириб қўймоқда, ўз тарихий илдизларидан узоқлашувига олиб келмоқда.

Иккинчидан, “оммавий маданият” турли хил кўринишларининг ёшлар орасида тобора кенг тарқалиши. Булар асосан кийинишда, қизиқишларда, бўш вақтни ўтказишда, дидларнинг саёзлашувида, миллий қадриятларга муносабатда намоён бўлмоқда. Ёт маданият қадриятларини ўзида ифода этаётган “оммавий маданият” ёшларимизда индивидуализм, эгоцентризм,  андишасизлик, беҳаёлик ва зўравонлик, миллий қадриятларга ва ижтимоий манфаатларга беписандлик билан муносабатда бўлиш каби иллатларни келтириб чиқармоқда.

Учинчидан, ёшлар орасида тақлидчилик, ғарбона иллатларга кўр-кўрона эргашиш каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бунда, хорижда кенг тарқалган ахлоқий ва маънавий юриш-туриш андозаларининг кинофильмлар, мода ва турли хил рекламалар орқали ёшларимизнинг онгини чулғаб олаётганлигини сезиш қийин эмас. Оқибатда, ёшлар ўртасида китоб ўқишдан кўра компьютер ўйинлари олдида вақтини ўтказиш, мазмунан саёз бўлган турли хил жанрдаги фильмларни томоша қилиш одат тусига кириб бормоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Мамлакатимизда  “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси асосида “Интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги – муҳим вазифамиздир” ҳамда “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз” “Жахолатга қарши маърифат” каби мавзуларида тадбирлар кўп жойларда ўтказилиб келинмоқда. Шу ишларни фаол аъзоси сифатида айтишим мумкинки, бу каби тадбирлар юртимиз аҳолиси, хусусан, ёшлар ва аёллар онгини заҳарлашга уринаётган кучларга алданмаслик учун ғоявий иммунитетни ошириш ва огоҳ бўлишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Биринчидан, ақлий тарбия. Ислом динида ёшларни ақлан тарбия қилиш деганда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк бора нозил қилинган оятлар инсонни ўқишга, илм олишга тарғиб қилади. Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида илмга тарғиб қилувчи кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд.

Илм-маърифатли бўлишнинг фазилати нечоғлик юксак эканлиги барчага маълум. Илм билан дунё обод, инсоният ҳаёти фаровон, илмли кишининг йўли доимо нурафшон бўлади. Шу боис, илм исташ, унга етиш йўлида машаққат чекиш энг савобли амаллардан саналади. Ислом динида илм деганда ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёни деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга қарам бўлмаганингиздир” дейилган.

Иккинчидан, ахлоқий тарбия. Тарбиянинг бу жиҳатида ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга аҳамият қаратилади. Айнан мана шу фазилатлар кишининг одамийлигини ифодалайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар (Термизий ривояти). Одобли, ахлоқли фарзандгина, аввало, ота-онанинг қадрини улуғлайди ва халқ ва Ватан учун манфаатли ишлар қилади. Унинг қўлидан ва тилидан бошқалар зарар кўрмайди. Шунинг учун бошқа бир ҳадисда: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас, мўмин эмас, мўмин эмас, дедилар. Ё, Расулуллоҳ! Ким мўмин эмас?-деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёмонлигидан қўшни озор чекадиган киши мўмин эмас”, дедилар” (Бухорий ривояти). Бугун ёшларимизни ёт ғоялардан ҳимоя қилишни мақсад қилар эканмиз аввало, уларни ахлоқий тарбиясини, жамиятдаги ҳар бир инсонни ҳақ ва ҳурматини ўз жойига қўйишни ўргатишимиз лозим.

Учинчидан, жисмоний  тарбия. Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки, инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Халқимиз ўзининг ҳикматли сўзида “соғлом танда соғлом ақл” деб бежизга айтмайди. Ёшларимиз ўз соғлиғини сақлаш учун ҳаракат қилишлари уларнинг ҳар хил беҳуда ишлардан ва ёт ғоялардан узоқ бўлишларига омил бўлади.

Дарҳақиқат, ёшларни бундай ёвуз куч ва ғоялардан ҳимоя қилишда муқаддас Ислом динининг маърифати ва одоб-ахлоқ тамойилларининг ўрни беқиёсдир. Зеро, Ислом дини маърифат, тинчлик ва одоб-ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратади.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган асрнинг бошидаёқ “Дунёда турмоқ учун диний дунёвий илм лозимдур, замон илмидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деган ҳаққоний фикр билдирган.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш жоизки, ёш авлодга миллий истиқлол ғоясини сингдиришда ҳар бир ота-онанинг роли ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Ота-оналар ўз фарзандларининг мактабгача тарбияси, уларнинг руҳий маънавий тараққиётида қанчалик муҳим аҳамият касб этиши, бу давр узлуксиз таълим ва тарбиянинг муҳим босқичи эканини англаб етишлари зарур. Бунда оиланинг таълим муассасалари тизимига изчил уйғунлашувига эришиш мақсадга мувофиқ бўлади. Демак, ота-она ёш авлодга бевосита таълим берувчи, мафкуравий тарбиянинг асосий ўчоғи саналмиш барча таълим муассасалари (мактаб, лицей, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари) билан ҳамкорликда мазкур долзарб вазифани амалга оширишга масъулдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбирлари билан айтганда ўз боламизни ўзимиз асрамоғимиз лозимлигини бугун ҳаётнинг ўзи яна бир бор кўрсатиб бермоқда.

Нишонбой АҲМАДАЛИЕВ,
Тошлоқ тумани “Абу Ҳанифа” масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Close