Зоҳири фазилат, ботини эса фарз бўлган амаллар

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Тўрт нарсанинг зоҳири фазилат, ботини эса фарздир:

Биринчиси: солиҳларга қўшилиш фазилат, уларга эргашиш эса фарздир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар уламолар билан бирга ўтиришни ва донишманд зотлар ҳикматларини эшитишни лозим тутинглар. Чунки Аллоҳ таоло ўлик ерни ёмғир суви билан тирилтиргани каби ўлик қалбни ҳикмат нури билан тирилтиради”, деганлар.

Халқимизда яхши бир мақол бор: Дўстингни кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтиб бераман. Сизни қандай инсон эканлигингиз ёнингиздаги инсонларга қараб баҳо берилади. Шундай экан, доим солиҳ инсонлар билан бирга бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Лекин солиҳларга қўшилиш, улар билан бирга юриш билан иш битиб қолмас экан. Уларни айтган сўзларига қулоқ солиб, уни ҳаётда амалга оширишимиз керак экан.

Иккинчиси: Қуръон тиловат қилиш фазилат, унга амал қилиш эса фарздир. Қуръони карим фақат тиловатлар ва марака-маросимларда ўқиб қўйишлик учун нозил бўлмаган. Қуръон фақат яхшиликларга буюради ва барча ёмонликлардан қайтарувчи, ҳамма замонга мос келадиган, ҳеч қачон эскирмайдиган илоҳий китобдир.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллолоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Сизларни энг яхшиларингиз Қуръонни таълим олган ва уни ўргатганингиздир (Бухорий ривояти).

Абу Мусо ал-Ашаърий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: Қуръон ўқийдиган мўмин худди апелсинга ўхшайди, уни ҳиди ҳам ширин (хушбўй), тами ҳам ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин хурмога ўхшайди, чунки унинг ҳиди йўқ, тами эма ширин. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ ханталга ўхшайди, унда ҳид ҳам йўқ, тами эса аччиқдир. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳонга ўхшайди, ҳиди ширин, тами эса аччиқдир.

Учинчиси: қабрларни зиёрат қилиш фазилат, унга тайёргарлик кўриш фарздир. Қабрлар зиёрат қилганимизда ўлимни эслаймиз, оҳиратни, қиёматни ўйлаймиз. Дунёдан узулиб, охиратга боғланамиз, лекин унга ҳозирлик кўришга интилмаймиз.

Бурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларни қабрларни зиёрат этишдан қартарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар. Бошқа ривоятда: “Ким қабрларни зиёрат этишни хоҳласа зиёрат қилаверсин, чунки зиёрат охиратни эсга солади”.

Тўртинчиси: касални зиёрат қилиш фазилат, унинг васиятини бажариш фарздир. Қанчадан-қанча беморлар борки, динимиз уларни зиёрат қилишга, дуоларини олишга буюради. Албатта бу савобли иш, суннат амал ҳамдир. Уларни васиятларини бажариш эса фарздир.

Савбан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта бир мусулмон бошқа бир мусулмон дўстининг зиёратига борса, қайтгунича жаннатнинг йўлида бўлади”, дедилар (Муслим ривояти).

Ушбу тўрт зоҳири фазилат, ботини фарз бўлган амалларни бажаришликда барчамизга Аллоҳ ўзи ғайрат, шижоат ва ҳиммат ато қилсин!

Давронбек НОРМАТОВ,

Ўзбекистон тумани “Оқ тепа” масжиди имом-ноиби

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan